Футзал “Гвардиола”си Ўзбекистон термасига бош бўлди

Спорт

image

Дунёга машҳур футзал мутахассиси Хосе Венансио Лопес футзал бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Футбол ассоциациясида ўтказилган матбуот анжуманида расман эълон қилинди. 

Анжуманни ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов очиб берди.

“Жаҳон чемпионатида муносиб иштирок этиш учун саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Терма жамоага мураббий танлаш жуда мураккаб, 30 дан ортиқ номзодлар билан музокаралар ўтказилди. Дунёнинг 5 карта энг яхши мураббийи Хосе Венансио Лопес номзодида тўхталдик”, дейди Эрматов. 

Вице-президентнинг қўшимча қилишича, Жаҳон чемпионатига муносиб тайёргарлик кўриш учун Андижонда машғулот залларига эга бўлган янги арена барпо этилади. Шунингдек, у Ўзбекистон мезбонлигида ўтадиган чемпионат мамлакатда футзал инфраструктурасини Жаҳон стандартларига мослаштиришга ҳисса қўшишини айтган. 

“Олдимизда бир қанча мусобақалар бор. Хусусан, Жаҳон чемпионатидан аввал Осиё кубогида иштирок этамиз. Ҳозирда бирламчи вазифа – Осиё чемпионати. Хосе Венансио маҳаллий мураббийлар билан ҳам ишлайди, футзал инфраструктураси бўйича ҳам ўз маслаҳатларини бериб боради”, дейди ЎФА қошидаги Футзални ривожлантириш қўмитаси раҳбари Жаҳонгир Усмонов. 

Маълумот учун, Венансио икки бор Испания терма жамоасини Европа чемпионига айлантирган ва Жаҳон чемпионати финалига олиб чиққан. Мураббий клублар ўртасида Европа ва Испания чемпиони, 3 карра кубок эгаси ҳамда 3 карра суперкубок совриндори ҳисобланади. Мутахассис шунингдек, 5 бор дунёнинг энг яхши мураббийи деб топилган.


Мақола муаллифи

Теглар

футзал Хосе Венансио Лопес Футзал Гвардиоласи Ўзбекистон термаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг