Ислом бирдамлиги  ўйинлари: Ўзбекистон медаллар сони бўйича кучли учликда бормоқда

Спорт 4683
image

Айни кунларда Туркиянинг Конья шаҳрида V Ислом бирдамлиги  ўйинлари давом этмоқда. Мусобақанинг ортда қолган кунлари давомида, мезбонлар , Туркия терма жамоаси медаллар жамғариш борасида яққол етакчилик қилмоқда. Ҳозирча, турклар умумий ҳисобида 208 та медаль жамғарган бўлиб, шулардан 79 таси олтин, 73 таси кумуш ва 56 таси бронза медалларидир.

Иккинчи ўринни Эрон Ислом Республикаси вакиллари эгаллаб турибди. Форслар ҳаммаси бўлиб, 96 та медаль жамғарган. Эронликлар умумий ҳисобида 33 та олтин, 25 та кумуш ва 38 та бронза медали соҳибига айланган.

Ислом бирдамлиги ўйинларида медаллар жамғариш бўйича учинчи энг яхши кўрсаткич ҳозирча Ўзбекистон делегациясига тегишли. Ўзбекистонлик спортчилар мусобақанинг  ортда қолган 9 куни давомида 87 та медаль қўлга киритган. Ўзбекистон ҳисобида 27 та олтин, 24 та кумуш ва 36 та бронза медаллари бор.

Қайд этиш керакки, Ўзбекистон делегациясига энг кўп медални оғир атлетикачилар келтирган. Атлетлар 5 та олтин, 3 та кумуш ва 5 та бронза медалларини ютди. Шунингдек, ўзбекистонлик курашчилар ҳам ҳар доимгидек фаол ҳаракат қилмоқда. Улар умумий ҳисобда Ўзбекистон жамоаси ҳисобига 18 та медаль қўшиб қўйган.

Аввалроқ, ўзбекистонлик спортчилар Ислом бирдамлиги ўйинларининг бир кунида 7 та олтин медаль қўлга киритгани тўғрисида хабар берилган эди.

Маълумот учун, Ислом бирдамлиги ўйинлари 18 августга қадар давом этиши режалаштирилган.

Маъруф Абдумаликов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 59
Рейтинг: 3.2
t
×