Ишни сиёсийлаштирманг – Раббимов нега ҳибсга олинганини айтиб берди

Жамият

image

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ўзига нисбатан маъмурий иш қўзғатилишига сабаб бўлган воқеа ва жарима жазоси юзасидан изоҳ берди.

“Ассалому алайкум қадрли дўстлар, мени тақдиримга бефарқ бўлмаганингиз учун – барчангизга рахмат. Хозир уйдаман. Ҳаммаси яхши”, дейди сиёсатшунос ижтимоий тармоқдаги саҳифасида қолдирган постида.

У маъмурий жавобгарликка тортилишига сабаб бўлган воқеа қачон ва қаерда бўлганини айтиб, шундай деган:

“17 апрель, кечки соат 19:00 лар атрофида “Чорсу” бозори ёнида рейд бўлаётганда, қонун устуворлигини шахсий талқинимда ўлчаб, ушбу вазиятга аралашган эдим. Лекин, мен ИИВ ходимларининг ишларига аралашганим хато эканлигини тушунаман. Менга нисбатан, қонун моддаларига кўра, жарималар белгиланган, мен уларни ўз вақтида тўлаш ниятидаман”.

Раббимов воқеа тафсилотларини кейироқ очиқлашини айтиб, ўзидан ҳам хато ўтганини, шунинг учун ҳолатни сиёсийлаштирмасликни сўраган.

“Қолган тафсилотларини кейинчалик билдиришга ҳаракат қиламан. Илтимос, бу ишни сиёсийлаштирмасликларингизни сўрайман. Бу ерда мен томонимдан йўл қўйилган хатолар мавжуд эди. Ҳаммага каттадан-катта рахмат”, дейди сиёсатшунос.

Эслатиб ўтамиз, сиёсатшунос Камолиддин Раббимов 17 апрель куни соат 15:00 атрофида Тошкентдаги уйидан чиқиб кетганча қайтиб келмаган. 18 апрель куни соат 19:00 атрофида жамоатчилик орасида унинг дом-дараксиз кетгани шов-шувларга сабаб бўлди.

Кўп ўтмай, Раббимов журналист Илёс Сафаров билан боғланиб, “Панельный”га олиб келингани ва 15 суткага қамалаётганини айтган.

Ички ишлар вазирлиги Матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов ҳолат бўйича расмий баёнот берди. У шундай деб ёзди:

“Жорий йилнинг 17 апрель куни Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур тумани “Чақар” маҳалласида ўтказилаётган санитария-профилактик тадбирлар жараёнида, фуқаро К.Р. хизмат вазифасини бажараётган ходимларнинг фаолиятига асоссиз аралашиб, уларнинг ишига тўсқинлик яратиб, қонуний талабларини бажармаган.

Ҳолат юзасидан фуқаро К.Р.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183, 194 ва 195-моддалари билан материаллар расмийлаштирилиб, қонуний чора кўриш учун Шайхонтоҳур тумани судига юборилган”.

Орадан кўп ўтмай Тошкент шаҳар судлари баёнот чиқди. Идора туман суди қарори билан Раббимовга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланганини билдирди. Аммо сиёсатчи томонидан келтирилган апелляция шикояти Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида кўриб чиқилиб, 18 апрелдаги жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг К.Раббимовга нисбатан чиқарилган қарори ўзгартирилган.

Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 18 апрелдаги қарори билан К.Раббимовга узил-кесил базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланиб, апелляция шикояти қаноатлантирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Камолиддин Раббимов

Баҳолаганлар

299

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг