“Сиёсий аралашув бўлди ва шундай қарорга келинди”. Камолиддин Раббимов “Улуғмуродов иши” ҳақида
Жамият
−
29 Июль 2023
11775Кеча, 28 июль куни нашид тарқатгани учун қамалган талаба йигит Жаҳонгир Улуғурмуродовга тайинланган жазо енгиллаштирилиб, уч йиллик озодликдан маҳрум қилиш ҳукми озодликдан чеклаш билан алмаштирилгани ҳақида хабар берган эдик. Ушбу ҳолат жамоатчилик фаолларининг ҳам эътиборини тортди. Хусусан, сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Улуғмуродовга нисбатан ҳукмнинг ўзгартирилишини кўпчилик каби ижобий ҳолат сифатида баҳоламади.
Раббимов Улуғмуродов иши ҳуқуқий доирада эмас, сиёсий аралашув йўли билан ҳал қилинганини таъкидлади.
“Жаҳонгир Улуғмуродовнинг иши тизимли ва ҳуқуқий доирада эмас, механик ва сиёсий шаклда нисбий ечим топди. Ҳуқуқий тизимда ўзгариш бўлмади. Жамоатчилик билмаган шу каби ишлар олдинги шаклда – репрессив қамоқ шаклида ҳал қилинаверади. Ёшларнинг онги, уларнинг нашидни тушуниш даражаси ва бу нашидларнинг жамият хавфсизлигига реал таҳдиди инобатга олинмаганидек, ҳозир ҳам инобатга олинмай қолаверади. Ҳуқуқий прецидент бўлмади. Қонунчилик ва суд амалиёти ҳуқуқий шаклда ўзгармади. Фақат масалага сиёсий аралашув бўлди ва шундай қарорга келинди. Қолаверса, шу сиёсий аралашув ҳам жуда кеч бўлди. Жамиятдаги маълум зўриқиш, норозиликдан кейин аралашув бўлди”, деб ёзади у ўзининг Telegram-каналида.
Сиёсий таҳлилчи бу масалага қонунчилик ташаббуси ва сиёсий масъулиятли бўлган институтлар тизимли ва ҳуқуқий ечим бергани яхшироқлигини таъкидлаган.
“Келажакда бу каби ҳолатлар кўп бўлади. Вазмин, совуққон ва ҳуқуқий ечим бўлмас экан, бу вазиятга ўта салбий таъсир қилаверади”, дея қўшимча қилади Раббимов.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 28 июль куни Олий суд Жиноят ишлари бўйича кассация судлов ҳайъати Жаҳонгир Улуғмуродовга нисбатан чиқарилган суд қарорларини ўзгартириб, унинг ёшлиги, талаба экани, муқаддам судланмагани, ўқиш жойидан ижобий тавсифлангани, оилавий шароити, қилмишидан пушаймонлиги, шунингдек жиноят содир этгандан кейинги хулқ-атвори каби ҳолатларни эътиборга олди ва Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 3-қисми “г” банди билан ушбу Кодекснинг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш)ни қўллаган ҳолда 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлади.
LiveБарчаси