Жаҳонгир Улуғмуродовга чиқарилган ҳукм ўзгартирилиб, енгил жазо берилди
3-саҳифа
−
28 Июль 2023
21226Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 2023 йил 28 июлдаги ажримига мувофиқ нашид эшитиб, уч йилга қамалган Жаҳонгир Улуғмуродовга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилиб, унга Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 3-қисми “г” банди билан ушбу Кодекснинг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш)ни қўллаган ҳолда 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов хабар берди.
Бугун, 28 июль куни Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясида Жаҳонгир Улуғмуродов (2002 йилда Тошкент шаҳрида туғилган)га нисбатан чиқарилган жиноят ишлари бўйича Оққўрғон туман судининг 2023 йил 8 майдаги ҳукми ва Тошкент вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2023 йил 17 июлдаги ажрими устидан адвокат Абдумалик Абдуллаев томонидан берилган кассация шикояти кўриб чиқилди.
Суд мажлисида қайд этилишича, қуйи судлар Жаҳонгир Улуғмуродовга оид жиноят иши тафсилотларини тўғри аниқлаб, унинг айблилиги ҳақида асосли хулосага келган.
Улуғмуродовнинг суд ҳукмида кўрсатилган жиноятни содир этганликдаги айби дастлабки тергов ва биринчи инстанция судида гувоҳларнинг биринчи инстанция суди мажлисида, мутахассисларнинг апелляция инстанциясида берган кўрсатмалари, билдирги, баённомалар, фотожадваллар, тушунтириш хатлари, судга оид диншунослик ва адабиётшунослик экспертизаларининг хулосалари ҳамда иш бўйича тўпланган бошқа ишончли ва мақбул далиллар йиғиндиси билан ўз исботини топган.
Биринчи инстанция суди Жаҳонгир Улуғмуродовнинг жиноий ҳаракатларини Жиноят кодексининг 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми “г” банди билан тўғри квалификация қилиб, унга нисбатан жазо тайинлашда ёшлиги, талаба эканлиги, муқаддам судланмагани, ўқиш жойидан ижобий тавсифлангани, оилавий шароити, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида асослаган бўлса-да, иш ҳолатларига, унинг содир этган жиноий қилмиши, ўзининг шахси ва содир этилган ижтимоий қилмишга нисбатан кейинги муносабатларига етарлича эътибор қаратмасдан, Жаҳонгир Улуғмуродовни жамиятдан ажратмаган ҳолда ахлоқан тузатиш мумкин эмас, деб озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо тайинлаган.
Жиноят-процессуал кодексининг 509-9-моддаси (кассация инстанцияси судининг ваколатлари)да кассация инстанцияси суди жиноят ишини кўриб чиқишда биринчи инстанция судининг ҳукмини ва апелляция инстанцияси ажримини ўзгартириш тўғрисида ажрим қабул қилишга ҳақли эканлиги белгилаб қўйилган.
Шу сабабли кассация судлов ҳайъати, иш бўйича Жаҳонгир Улуғмуродовга нисбатан чиқарилган суд қарорларини ўзгартириб, унинг ёшлиги, талаба эканлиги, муқаддам судланмагани, ўқиш жойидан ижобий тавсифлангани, оилавий шароити, қилмишидан пушаймонлиги, шунингдек жиноят содир этгандан кейинги хулқ-атвори каби ҳолатларни эътиборга олди.
Шу тариқа Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 2023 йил 28 июлдаги ажримига мувофиқ Жаҳонгир Улуғмуродовга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилиб, унга Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 3-қисми “г” банди билан ушбу Кодекснинг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш)ни қўллаган ҳолда 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлан.
Улуғмуродовнинг 2023 йил 24 февралдан 2023 йил 28 июлга қадар қамоқда сақланган 5 ой 4 кун Жиноят кодексининг 62-моддаси (ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки уй қамоғи вақтини ҳисобга олиш қоидалари)га асосан чегирилиб, ўташ учун 2 йил 6 ой 26 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилиши белгиланди.
Жаҳонгир Улуғмуродовга озодликни чеклаш жазосини яшаш жойи бўйича ўташ белгиланиб, соат 22:00 дан соат 06:00 га қадар яшаш жойидан чиқиш тақиқланди.
Улуғмуродовга Жиноят кодексининг 48-1-моддаси (озодликни чеклаш) 5, 6-қисмлари талаблари тушунтирилиб, дарҳол жазони ижро этиш жойларида қамоқдан озод қилиниши белгиланди.
Адвокат Абдумалик Абдуллаевнинг ҳимояси остидаги Улуғмуродовни оқлаш ҳақидаги шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилди.
LiveБарчаси