Путин Россиянинг қудратига тарихий зарба бериб қўйди – Раббимов
Жамият
−
24 Ноябрь 2022
16860Путин Россияни қайтадан империяга айлантиришни орзу қилиб, унинг бор қудратига ҳам тарихий зарба бериб қўйди. Бу ҳақда ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ўз Telegram-каналида ёзди.
Аввал хабар берилганидек, кеча, 23 ноябрь куни Страсбургда Европа Иттифоқи парламенти Россия Федерациясининг Украинага қарши ҳарбий тажовузи туфайли Россияни терроризмнинг ҳомийси сифатида тан олиш тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди. Қарорни 494 нафар депутат қўллаб-қувватлади, 58 нафари қарши чиқди, 44 нафари бетараф қолди. Раббимов бунга муносабат билдираркан, шундай дейди:
“Европа Парламенти кўпчилик овоз билан Россия Федерациясини “терроризм ҳомийси бўлган давлат” деб тан олибди. Бу қарор, ҳозирча рамзий-сиёсий маънога эга, ва реал ҳуқуқий оқибатлари мавжуд эмас. Лекин, бу катта қадамларнинг бошланиши бўлиши мумкин. Европарламент Европа Комиссияси ва Кенгашини Россияга нисбатан “террор ҳомийси бўлган давлат” сифатида муомалада бўлишга чақирган. Яъни, расмий Москвани тўлиқ ихоталаш тавсия қилинган.
АҚШда ҳам бир неча ойдан бери Россияни “терроризм ҳомийси бўлган давлат” сифатида баҳолаш чақириқлари бор. Лекин, Байден маъмурияти бу таклифга қарши. Чунки, АҚШ қонунчилигига кўра, Вашингтон қайси бир давлатни “терроризм ҳомийси” деб тан олса, унга нисбатан реал ҳуқуқий механизмлар ишлаши керак”.
Раббимовнинг урғулашича, Россияга нисбатан реал ҳуқуқий механизмларни жорий қилиш оқибатлари глобал даражада катта ўзгаришларга олиб келади. Сиёсатшунос фикрини мисоллар билан асослаган.
“Мисол учун, Россия БМТнинг Хавфсизлик Кенгаши доимий аъзоси. Агар Россия “терроризм хомийси бўлган давлат” деб тан олинса, БМТ Хавфсизлик Кенгашидан чиқарилиши назарда тутилиши керак. Бунинг учун, Хавфсизлик Кенгашининг қолган доимий аъзолари ҳам бунга розилик бериши керак. Қолаверса, Россия билан АҚШ ва ғарб давлатларининг дипломатик муносабатлар деярли узилиши ёки жуда пасайиши керак бўлади”, дейди у.
Раббимовга кўра, Россияга нисбатан реал босимлар Путин ҳокимиятдан кетганидан кейин ҳам тўхтамайди. Россияни қўлидан ядро қуролини олиб қўйиш, БМТ Хавфсизлик Кенгашидаги уни вето ҳуқуқини олиш ташлашга интилиш ҳам кучаяди.
“Путин, Россияни қайтадан империяга айлантиришни орзу қилиб, унинг бор қудратига ҳам тарихий зарба бериб қўйди. Россия бу вазиятдан 2021 йилдаги каби жамулжам ресурслар ва қудрат билан чиқа олмайди, албатта заиф ёки ўта заиф ҳолатда чиқади”, дея фикрига хулоса ясаган Камолиддин Раббимов.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь