Ўзбекистон ҳокимиятига нисбатан Ғарбда кутиш ҳолати тугаган – Раббимов
Жамият
−
14 Март 2023
20729Президентнинг “Ўзбекистон ким томонда бўлади?” деб бизга босимлар бўлаяпти” деган баёноти Ўзбекистон ҳокимиятига нисбатан Ғарбда кутиш ҳолати тугаганини ифодалаши мумкин. Бу ҳақда сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди.
Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 13 март куни Сурхондарё вилоятига ташрифи доирасида фаоллар билан учрашувда катта-катта давлатлар вакиллари келиб, Ўзбекистонга “сен ким томондасан” деган саволни қўяётгани ҳақида гапирган эди.
Президентнинг айтганлари айни вақтда тармоқда асосий мавзу бўлиб турибди. Бу ҳақда сиёсатшунос Камолиддин Раббимов шундай дейди:
“Шу пайтга қадар Ғарбда “Ўзбекистон тўлақонли Россия тарафга ўтмаяпти, балки ўзаро ҳамкорлигимиз кучаяр?!” деган кутиш бор эди. Бу кутиш амалга ошмади. Ўзбекистон, 100% геосиёсатни, шартли равишда 36 %ни Россияга, 32 %ни Хитойга ва 32 %ни ғарбга ажратган эди. Бошқарув пакети, яъни 51% ҳеч кимга қаратилмади.
Менимча, келаси йиллар Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари ва демократия вазияти, анча кескин танқид қилиниб бошланса керак. Чунки, бунинг учун, ички вазият имконият беради. Танқидга тўсқинлик қиладиган “геосиёсий мақсадга мувофиқлик” йўқолиб бораяпти. Президентнинг “Ўзбекистон ким томонда бўлади?” деб бизга босимлар бўлаяпти” деган баёноти, БМТ Инсон ҳуқуқлари Комиссарининг баъзи баёнотлари, Freedom House ташкилотининг Ўзбекистонга салбий баҳо беришлари – Ўзбекистон ҳокимиятига нисбатан ғарбда кутиш ҳолати тугаганини ифодалаши мумкин”, дейди Раббимов.
Президентнинг Сурхондарёга ташрифида айтган гаплари, шу кунларда кўрган кечирганларимизни эслатади. Ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон ким томонда? Бу саволга жавобни ҳам Мирзиёевнинг ўзи айтди:
“Саволга жавоб битта: бир томонман! Миллатим, халқим, буюк Ўзбекистонимни манфаати учун ўлишга ҳам тайёрман деб жавоб бераман!”
Гап шундаки, жорий йилнинг 28 февраль – 1 март кунлари АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен илк расмий ташриф билан Марказий Осиёнинг икки мамлакати – Қозоғистон ва Ўзбекистонга келиб, Президентлар Қосим-Жомарт Тўқаев ва Шавкат Мирзиёев билан учрашди. БлинкенТошкентда ўтказган матбуот анжуманида айтишича, у Ўзбекистон раҳбарияти билан Россиянинг Марказий Осиёга мумкин бўлган таҳдиди, инсон ҳуқуқлари, сўз ва матбуот эркинлиги, Конституцияга киритилаётган ўзгартишлар масалалари муҳокама қилган.
Мирзиёевнинг айтларидан кўриняптики, Блинкен ташрифда Тошкентга у ёки бу томонни танлаш, нейтарлликдан воз кечишни ҳам талаб қилган.
Блинкеннинг Ўзбекистон ва Қозоғистонга ташрифидан икки кун ўтиб, 3 март куни Президент Шавкат Мирзиёев ва Қосим-Жомарт Тўқаев Чимкентда норасмий учрашув ўтказди. Президент Матбуот хизмати тарқатган расмий хабарга кўра, учрашувда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган. Орадан бир неча кун ўтгач, Путин икки мамлакат раҳбарларига қўнғироқ қилиб, мулоқот қилди. Уч мамлакат раҳбарларининг Матбуот хизмати берган расмий хабарларда суҳбатда икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ва янада мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинган.
Ўзбекистон Россия-Украина урушида бетараф қолаётгани бугун ҳеч кимга сир эмас. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 23 февраль куни Украина бўйича махсус сессияси чоғида Россиянинг Украинага бостириб киришига бир йил тўлишига бағишланган Россияга қарши резолюцияни қабул қилди. Ҳужжатга 141 давлат овоз берди, 7 давлат қарши чиқди. Улар орасида Россиянинг ўзи, Беларусь, Шимолий Корея, Мали, Никарагуа, Сурия ва Эритрея бор. 32 давлат, жумладан Ўзбекистон бетараф қолди.
Ҳужжатга кўра, можаронинг бошланиши учун жавобгарлик фақат Россия зиммасига тушади. Матн томонларни тинч аҳоли ва маҳбуслар олдидаги мажбуриятларини бажаришга чақиради. Шунингдек, миллий ёки халқаро даражада тегишли, адолатли ва мустақил тергов ва таъқиб қилиш орқали Украинада содир этилган энг оғир жиноятлар учун халқаро ҳуқуққа мувофиқ жавобгарликка тортилиши зарурлигини таъкидлайди.
Дунёда содир бўлаётган ҳеч бир воқеа, айниқса, у Россия ва Украина уруши сингари кенг кўламли бўлса, Ўзбекистонга ҳам таъсир этмас қолмайди. Бунда эса ҳиссиётларга берилмай, ҳатто, изоҳларда ҳам етти ўлчаб бир кесган маъқул.
LiveБарчаси