Ипотека кредитлари муддати 15 йилдан 20 йилга узаядими?
Жамият
−
20 Апрель 2020
8457Янги тартиб асосида берилаётган ипотека кредитлари муддати 15 йилдан 20 йилга узайтирилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 апрель куни саноат, қурилиш ва инфратузилма тармоқлари корхоналарининг тўлиқ ишлашини таъминлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида маълум қилди.
Аҳоли бандлиги ва иқтисодий барқарорликни таъминлаш борасида катта имкониятларга эга “драйвер”лардан бири қурилиш соҳаси ҳисобланади. Хусусан, бу тармоқ 1 миллион 325 минг нафар аҳолини иш билан таъминлайди, бошқа саноат йўналишлари учун ҳам талаб яратади. Шу боис, карантин даврида қурилиш ҳажми камайишига йўл қўймаслик мақсадида бу соҳага қўшимча 3,6 триллион сўм маблағ ажратилди.
Жорий йилнинг биринчи чорагида қурилиш ишлари ҳажми 6,5 фоизга ўсган бўлса-да, ўтган йилнинг шу давридан 4 фоизли бандга орқада қолмоқда.
Йиғилишда қайд этилганидек, карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилган ҳолда, барча қурилишларни давом эттиришга рухсат берилади. Ички ишлар вазирлигига соҳа корхоналари ва қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчиларнинг ҳаракатланишига шароит яратиш вазифаси қўйилди.
Жорий йилда 30 минг хонадонли кўп қаватли уйлар фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Лекин 25 та шаҳарда бунинг учун ер майдонлари ҳалигача ажратилмаган. Ипотека кредити олиш бўйича аризаларни кўриб чиқишда ҳам сусткашликка йўл қўйилган.
Йиғилишда бу камчиликларни тез кунларда бартараф этиш, кўп қаватли уйлар учун ерни аҳоли талаблари юқори бўлган ҳудудлардан ажратиш зарурлиги таъкидланди.
Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан хусусий пудрат ташкилотларига кредитларнинг фоиз харажатларини қисман қоплаш ва кредит суммасининг 50 фоизигача кафолат бериш механизми жорий этилиши белгиланди.
Янги тартиб асосида берилаётган ипотека кредитлари муддатини 15 йилдан 20 йилга узайтириш, шунингдек, ипотека кредитининг энг юқори чегарасини бозор талаблари асосида кўпайтириш кераклиги қайд этилди.
Қурилиш сифатини ошириш, соҳа корхоналари фаолиятини баҳолаш рейтинги ва электрон тендер тизимини ишга туширишни жадаллаштириш бўйича топшириқлар берилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь