Президент карантин бўйича чекловларни босқичма-босқич юмшатиш бўйича топшириқ берди
Жамият
−
20 Апрель 2020
24196Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 апрель куни саноат, қурилиш ва инфратузилма тармоқлари корхоналарининг тўлиқ ишлашини таъминлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказди.
Мамлакатда коронавирус эпидемиясига қарши ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар натижасида кўплаб ҳудудлар бу хавфдан сақлаб қолинди. Шунга қарамай, аксарият вилоят ва туманларда корхоналар ўз ишини тўхтатган ёки тўлиқ қувват билан ишламаяпти. Бу ҳолат ҳудудлар иқтисодиёти ва ижтимоий соҳага, оддий қилиб айтганда, аҳоли ҳаётига салбий таъсир қилмоқда.
Давлат раҳбари йиғилиш аввалида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида тўхталиб ўтди.
Вақтинча ишламаётган ва ёрдамга муҳтож оилаларни аниқлаб, уларни манзилли асосда озиқ-овқат ва дори-дармон билан таъминлаш кўламини янада кенгайтириш кераклиги таъкидланди.
Ҳозирги пандемия пайтида ишсизлар, ёрдам ва кўмакка муҳтож аҳоли сони ортиши табиий. Турли мамлакатлар касалликка қарши курашиш баробарида иш жойларини сақлаб қолиш ва иқтисодиётни кескин таназзулга учрамаслиги учун бор имкониятларни ишга солмоқда.
Бутун дунёда бўлгани каби бу мураккаб жараён Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Халқни таъминлаш учун ҳам, иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун ҳам мамлакатнинг захиралари ва имкониятлари етарли.
Шу боис Президент ўзбек халқининг тарихий ва маънавий қадриятларини, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатларини инобатга олган ҳолда, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурди.
“Яқин кунларда барчамиз учун муқаддас бўлган Рамазон ойи кириб келади. Бу ойда эҳтиёжманд ва муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш ҳам қарз, ҳам фарздир. Шунинг учун ушбу муқаддас ойда ҳар бир тадбиркор ўзи фаолият юритаётган ҳудудда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини, аввало маҳалладошлари, қўни-қўшниларини фаол қўллаб-қувватлаши мақсадга мувофиқ”, дейди давлат раҳбари.
Бунинг натижасида Рамазон ойида амалга ошириладиган эҳсон ва хайриялар манзилли бўлади, ифторликларга сарфланадиган маблағлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари аҳолининг кам таъминланган қатламларига йўналтирилади.
Имкониятидан келиб чиқиб, қайсидир тадбиркор бир ойда мисол учун, 10 та, бошқа бири эса 20 та оилага кўмаклашиши, энг муҳими муҳтож оилалар аъзоларини ишга жалб қилиши мумкин. Давлат томонидан ўз навбатида бундай тадбиркорларга солиқ, лизинг, кредит тўловлари, зарур ресурслар билан таъминлаш бўйича турли имтиёз ва преференциялар берилади. Яъни, бу аҳолига давлат томонидан тадбиркорлик субъектлари орқали кўрсатиладиган саховат ва кўмак бўлади.
Бу жараёнда йирик корхоналар, уларнинг жойлардаги таркибий бўлинмалари, фермерлар ва кластер хўжаликлари ҳам ихтиёрий қатнашиши муҳим эканлиги таъкидланди.
Ушбу ташаббус Савдо-саноат палатасининг жойлардаги бўлимлари, банклар, ижтимоий муҳофаза идоралари ҳамкорлигида амалга оширилиши белгиланди.
“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати давлатимиз ва халқимиз қудратининг амалий намоёнига айланишига ишонаман”, дейди Президент.
Мавзуни давом эттирар экан, давлат раҳбари Республика комиссиясига коронавирус умуман аниқланмаган ёки эпидемиологик вазият яхшиланган вилоят, туман ва шаҳарларда карантин чекловларини босқичма-босқич юмшатиш чораларини кўриш бўйича топшириқ берди. Фаолияти тикланадиган объектларда ишлар санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда ташкил этилади.
Аҳоли бандлиги ва иқтисодий барқарорликни таъминлаш борасида катта имкониятларга эга “драйвер”лардан бири қурилиш соҳаси ҳисобланади. Хусусан, бу тармоқ 1 миллион 325 минг нафар аҳолини иш билан таъминлайди, бошқа саноат йўналишлари учун ҳам талаб яратади. Шу боис, карантин даврида қурилиш ҳажми камайишига йўл қўймаслик мақсадида бу соҳага қўшимча 3,6 триллион сўм маблағ ажратилди.
Жорий йилнинг биринчи чорагида қурилиш ишлари ҳажми 6,5 фоизга ўсган бўлса-да, ўтган йилнинг шу давридан 4 фоизли бандга орқада қолмоқда.
Йиғилишда қайд этилганидек, карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилган ҳолда, барча қурилишларни давом эттиришга рухсат берилади. Ички ишлар вазирлигига соҳа корхоналари ва қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчиларнинг ҳаракатланишига шароит яратиш вазифаси қўйилди.
Жорий йилда 30 минг хонадонли кўп қаватли уйлар фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Лекин 25 та шаҳарда бунинг учун ер майдонлари ҳалигача ажратилмаган. Ипотека кредити олиш бўйича аризаларни кўриб чиқишда ҳам сусткашликка йўл қўйилган.
Йиғилишда бу камчиликларни тез кунларда бартараф этиш, кўп қаватли уйлар учун ерни аҳоли талаблари юқори бўлган ҳудудлардан ажратиш зарурлиги таъкидланди.
Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан хусусий пудрат ташкилотларига кредитларнинг фоиз харажатларини қисман қоплаш ва кредит суммасининг 50 фоизигача кафолат бериш механизми жорий этилиши белгиланди.
Янги тартиб асосида берилаётган ипотека кредитлари муддатини 15 йилдан 20 йилга узайтириш, шунингдек, ипотека кредитининг энг юқори чегарасини бозор талаблари асосида кўпайтириш кераклиги қайд этилди.
Қурилиш сифатини ошириш, соҳа корхоналари фаолиятини баҳолаш рейтинги ва электрон тендер тизимини ишга туширишни жадаллаштириш бўйича топшириқлар берилди.