Instagram’даги “коммент” ўқувчининг ўлимига сабаб бўлди
3-саҳифа
−
20 Май
14883Жорий йилнинг 14 май куни Самарқанд вилояти Пахтачи туманида мактаб ўқувчилари ўртасида юзага келган жанжал оқибатида 11-синф ўқувчиси вафот этди. Бу ҳақда “Миллар” дастурида хабар берилди.
Жанжал туман ҳудудидаги 1-мактабнинг 3 нафар ва 12-мактабнинг 2 нафар ўқувчиси ўртасида рўй берган. Дастлабки маълумотларга кўра, ижтимоий тармоқ – Instagram’даги изоҳлар бўлимида чиққан тортишув ва ҳақоратлар жанжалга сабаб бўлган.
Шифокорларнинг айтишича, воқеа жойига етиб борилганида ўқувчининг биологик ўлими аниқланган.
“Кўз қорачиғининг максимал кенгайиши, йирик артериялар ва веналарда пульснинг йўқлиги, бўйинда шикастланиш излари, оғиз ва бурун атрофида қон белгилари кузатилди”, дейди шифокор.
Мазкур ҳолат юзасидан Пахтачи тумани ИИБ томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” банди (қасддан танага оғир шикаст етказиш оқибатида ўлимга сабаб бўлиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Воқеага алоқадор вояга етмаган гумонланувчилар ушланган ва уларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида жойлашган мактабларнинг бирида вояга етмаган 2007 йилда туғилган Р.С. ҳамда шу мактаб ўқувчиси бўлган, 2007 йилда туғилган А.И. тортишиб қолган ва томонлар ўзаро жанжаллашган эди. Жанжал вақтида А.И. Р.С.га тан жароҳати етказган. Оқибатда жабрланувчи шифохонага ётқизилган.
LiveБарчаси