Инсон ўлимига сабаб бўлган аттракцион синиши юзасидан жиноят иши қўзғатилди
Жамият
−
29 Июнь 2019
6285Хабарингиз бор кеча, 28 июнь куни Жиззах шаҳридаги “Истиқлол” болалар истироҳат боғидаги аттракцион синиб кетиши оқибатида бир киши вафот этгани ҳақида хабар қилган эдик.
Бугун, 29 июн куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси QALAMPIR.UZ манбасига рўй берган ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.
“2019 йил 28 июнь куни соат 12:30 ларда Жиззах шаҳар, “Наврўз” маҳалласи ҳудудидаги “Истиқлол” болалар истироҳат боғидаги ЯТТ “Маматқулов Бурхон”га қарашли “Учар тарелка” аттракциони айланаётган вақтида аттракционнинг “арелка” қисми таянч ўқига пайвандлаш чокидан узилиши оқибатида 7 метр баландликдан ерга қулаб тушган бўлиб, 8 нафар мижоздан бир нафари, яъни 1999 йилда туғилган М.Х. “ҳаёти учун ҳавфли бўлган оғир тан жароҳати” олиб воқеа жойида вафот этган.
“Учар тарелка” аттракциони 2019 йил март ойида “Истиқлол” болалар истироҳат боғига ўрнатилган бўлиб, ЯТТ “Маматқулов Бурхон” томонидан фойдаланиб келинган.
Воқеа содир бўлган жойга вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари, Жиззах шаҳар прокурори, вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари, шаҳар ИИО ФМБ бошлиғи ва бошқа тезкор ходимлар чикишди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиззах вилоят ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан 28.06.2019 йилда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 257-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда ва вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган”, дея маълум қилди Бош прокуратура.
LiveБарчаси