Индонезияда ўрмон ёнғинлари сабаб самолётлар парвози тўхтаб қолди (видео)

Олам

image

Индонезиянинг Калимантан оролида ўрмон ёнғинлари туфайли қалин тутун тарқалиб, кўриш масофаси 1 километрдан камайгани ва ҳаво қатновига жиддий халақит бермоқда. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.

 

Қайд этилишича, Ғарбий Калимантан провинциясидаги Понтианак шаҳри бир неча кундан буён қалин оқ-сарғиш тутун остида қолган. Тутун сабабли кўриш масофаси 1 километрдан ҳам қисқарган. Бу ҳолат самолётлар парвозига ҳам таъсир кўрсатган. Ғарбий Калимантанда тутун ва кўриш масофаси чеклангани туфайли авиақатновлар бир неча кундан буён издан чиқмоқда.

Ёнғинлар оқибатида ҳавонинг сифати ҳам кескин ёмонлашган. Маҳаллий аҳоли тутун тез орада тарқалиб, соғлиқ учун хавф туғдирмайдиган ҳолатга қайтишига умид қилмоқда.

Индонезия Ўрмон хўжалиги вазирлиги кеча, 14 сентябрь куни берган маълумотга кўра, Марказий ва Ғарбий Калимантан ҳудудларида офат билан боғлиқ экани юқори эҳтимол билан баҳоланган “иссиқ нуқталар” сони сезиларли камайган. Риау провинциясида эса бундай нуқталар қайд этилмаган.

Шу билан бирга, Калимантаннинг айрим ҳудудларида ёнғинлар ҳамон давом этмоқда. Индонезия Миллий офатларни бошқариш агентлиги маълумотларига кўра, айниқса Ғарбий ва Марказий Калимантан провинцияларида ёнғинлар кузатилмоқда.

Ўрмон хўжалиги вазирлигининг ҳисоб-китобларига кўра, жорий йилнинг январь-июль ойларида Индонезияда 202 минг гектардан ортиқ ер майдони аланга оқибатида зарар кўрган. Бу ҳудуд Сингапур майдонидан қарийб уч баравар катта. Тутун қўшни мамлакатларга ҳам тарқалган. У Калимантандан 800 километрдан ортиқ масофадаги Филиппингача етиб борган.

Малайзиянинг Борнео оролидаги Саравак штатида эса ҳаво ифлосланиши фавқулодда даражага етгани сабабли маҳаллий ҳокимият фавқулодда ҳолат эълон қилган.

Ҳаво ифлосланиши Индонезиянинг Суматра оролининг айрим ҳудудларига ҳам таъсир кўрсатган. Шу сабабли мамлакат бўйлаб 1,4 миллиондан ортиқ ўқувчига таълим жараёнини мактабларда давом эттириш вақтинча тўхтатилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркиянинг Анталия ва Адана вилоятларида ўрмон ёнғинлари кенг ҳудудларга тарқалиб, минглаб фуқаролар хавфсиз жойларга эвакуация қилингани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг