Олов ичидаги Туркия: эвакуация ва кураш давом этмоқда (фото)
Олам
−
19:13 416 2 дақиқа
Туркиянинг Анталия ва Адана вилоятларида ўрмон ёнғинлари кенг ҳудудларга тарқалиб, минглаб фуқаролар хавфсиз жойларга эвакуация қилинди, ёнғинларни тўлиқ бартараф этиш ва етказилган зарарни ўрганиш ишлари давом этмоқда. Бу ҳақда “Anadolu” хабар берди.
(1).png)
Қайд этилишича, Анталиянинг Аксу ва Кепез туманларида жорий йилнинг 7 сентябрь куни бошланган ёнғин шамол сабабли катта ҳудудга тарқалган. Уни ўчиришга 3 та самолёт, 9 та вертолёт, 165 та ўт ўчириш машинаси ва 1 мингдан ортиқ ходим жалб қилинган.

Ёнғин туфайли Караўз маҳалласида 10 та хонадондан 25 киши, Ешилкараман маҳалласида 69 та хонадон ва 18 та омборхонадан 256 киши, шунингдек, Кепез туманининг Чамлижа маҳалласида 175 та хонадондан 439 киши эвакуация қилинган.

Фожиа оқибатида 47 киши жабрланган. Улардан 11 нафари шифохонага ётқизилган, 36 кишига амбулатор ёрдам кўрсатилган. Шунингдек, 3 та бино бузилгани, 13 та бино эса кичик зарар кўргани аниқланган.

Талофат сабабли мобиль алоқа тармоқларида ҳам узилишлар кузатилган. Turkcell, Vodafone ва Türk Telekom компаниялари зарар кўрган ҳудудларга мобиль база станцияси транспорт воситаларини жойлаштирган.

Адананинг Кўзан туманида бошланган ёнғин Имомўғлу ва Аладағ туманларидаги айрим маҳаллаларга тарқалган. Уни ўчиришга 173 та транспорт воситаси ва 717 нафар ходим, жумладан, 3 та ёнғин ўчириш самолёти, 12 та вертолёт, 58 та сув танкери ва 8 та Ижтимоий ҳодисалардан ҳимоя қилувчи транспорт воситаси (TOMA) жалб қилинган.

3 та тумандаги қарийб 15 та маҳалла ёнғиндан зарар кўрган. Фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 285 та хонадондан 835 киши эвакуация қилинган. Фуқаролар орасида жабрланганлар ёки ҳалок бўлганлар йўқ. Аладағ туманидаги айрим уйлар ва омборлар ҳам ёнғиндан зарар кўрган.

Анталиянинг Кумлужа туманида 8 сентябрь куни бошланган ёнғин Тўптош маҳалласидан Гузўрен маҳалласига тарқалган. Аланга туфайли Гузўрен маҳалласидаги қарийб 200 та хонадон эҳтиёт чораси сифатида эвакуация қилинган. Ёнғиндан жабрланган 3 киши амбулатор шароитда даволанган.
Айни пайтда Анталия ва Адана вилоятларидаги ёнғинларни тўлиқ ўчириш, ҳудудларни назорат қилиш ҳамда етказилган зарарни ўрганиш ишлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркиянинг Анталия вилоятида ўрмон ёнғинлари аҳоли яшайдиган ҳудудларга ҳам тарқалгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси