Имзо учун 14 миллион сўм сўраган боғча раҳбари қўлга олинди (видео)

3-саҳифа

image

Сурхондарёда давлат боғчаларига етказиб берилган озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича ҳисоботларга имзо қўйиш эвазига 14 миллион сўм талаб қилган мансабдор пора олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси маълум қилди.

Қайд этилишича, Сурхондарё вилояти ИИБга келиб тушган мурожаатда айрим шахслар давлат боғчаларига шартнома асосида етказиб берилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари қабул қилинганини тасдиқловчи ҳисоботларга имзо ва муҳр қўйиб бериш учун ноқонуний пул талаб қилаётгани билдирилган.

Жорий йилнинг 20 июль куни ўтказилган тезкор тадбир давомида 1987 йилда Жарқўрғон туманида туғилган шахс ўз хизмат мавқейидан фойдаланиб, раҳбарлик қилиб келаётган Давлат мактабгача таълим ташкилоти ҳамда бошқа бир давлат боғчасига “Тошмурод Ойдин” МЧЖ томонидан етказиб берилиши лозим бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари тўлиқ қабул қилинганини тасдиқловчи ҳисоботларга имзо ва муҳр қўйиб бериш эвазига пора талаб қилгани аниқланган.

У ҳар бири учун 7 миллион сўмдан, жами 14 миллион сўм талаб қилган. Гумонланувчи ушбу пул маблағларини олаётган вақтида тезкор тадбир давомида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан гумондор ва бошқа шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) 2-қисми “в” ва “г” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида тадбиркордан 360 минг АҚШ доллари талаб қилган шахс қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг