Имомўғлига президентликка номзод сифатида овоз бериш бошланди
Олам
−
23 Март
13319Бугун, 23 март куни Туркиянинг Жумҳурият халқ партияси (ЖХП)дан президентликка номзодлик учун дастлабки сайловда овоз бериш бошланди. Бу ҳақда “Cumhuriyet” хабар берди.
Қайд этилишича, дастлаб сайловда фақат партия аъзолари овоз беришига қарор қилинган. Бироқ қарор ягона номзод сифатида қолган Истанбул шаҳри ҳокими Экрем Имомўғли 19 март куни эрталаб уйига уюштирилган рейдда ҳибсга олинганидан кейин ўзгартирилган. Сайловда барча фуқаролар овоз беришлари мумкин.
“Партия аъзоси бўлмаганлар ҳам “бирдамлик” қутисида овоз беришлари мумкин”, дейилади хабарда.
Мамлакатнинг 81 вилоятдаги ЖХП вилоят ва туман штаблари, шаҳар маданият марказлари ва спорт залларида сайлов қутилари ўрнатилган.
“Овоз бериш жойларига onsecim.chp.org.tr орқали кириш мумкин. Аъзо бўлмаган фуқаролар ҳам ўзлари жойлашган шаҳар ва туманни танлаб, қаерда овоз беришларини кўришлари мумкин бўлади”, дейилади хабарда.
Аъзолар учун овоз бериш бугун, 23 март куни эрталаб соат 08:00 да бошланган ва 17:00 да тугайди.
Ҳибсга олинган бўлсада, сайловда ягона номзод бўлиб қолган Экрем Имомўғли ўзининг ижтимоий медиа саҳифасида барчани овоз беришга чорлаган.
“Барча партиядошларимни сайлов қутисига таклиф қиламан. Қолаверса, бутун Туркия бўйлаб барча фуқароларимиз учун ҳам, партиядошларимиз учун ҳам сайлов қутилари ўрнатилади. Барча фуқароларимизни бу катта иштиёқнинг бир қисми бўлишга чақираман”, дейилади унинг хабарида.
Экрем Имомўғлининг ҳибсга олиниши
19 март куни тонгда Истанбул ҳокими ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг асосий сиёсий рақиби Экрем Имомўғли ҳамда унинг 106 тарафдори ҳибсга олинганди. Улар Курд ҳарбий-сиёсий ташкилоти ПККга кўмаклашиш ҳамда бошқа ноқонуний ҳаракатларда айбланмоқда.
Мазкур воқеалар юзасидан Туркия Адлия вазири Йилмаз Тунч тегишли баёнотини эълон қилди. қилишича, Истанбул Бош прокуратураси томонидан олиб борилаётган тергов ҳаракатлари доирасида 106 нафар гумонланувчига, жумладан, Истанбул шаҳар ҳокимига нисбатан бугун эрталаб ҳибсга олиш тўғрисида қарорлар чиқарилган. Билдирилишича, Истанбул Бош прокуратураси томонидан 2 та тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунингдек, Истанбул Бош прокуратурасининг баёнотидан маълум бўлишича, тергов материаллари орасида MASAK (Молиявий жиноятларни тергов қилиш бошқармаси) ҳисоботлари, солиқ экспертизаси хулосалари, депозитлар ҳақида ҳисоботлар, гувоҳларнинг баёнотлари ва бошқа далиллар мавжуд.
Туркия Президенти девони Коммуникациялар бошқармаси раҳбари Фахриддин Алтун эса Экрем Имомўғли ҳибсга олингани ортидан давлат раҳбарига нисбатан туҳмат ва бўҳтонлар айтилаётганини билдирди. У суд органларининг мустақиллигига путур етказиш, шунингдек, Президент Ражаб Тойиб Эрдўғанга дахл қилиш, мафкуравий туҳмат ҳаракатларига қарши эканини маълум қилган.
Истанбул шаҳри талабалари Имомўғлининг ҳибсга олинишига қарши намойишга чиқди. Туркиянинг асосий мухолифатдаги Жумҳурият халқ партияси (ЖХП) етакчиси Ўзғур Ўзел 86 миллионлик республика аҳолисини келаси якшанба, 23 март куни Истанбул ҳокими Экрем Имомўғлининг ҳибсга олинишига қарши кўчаларга чиқишга чақирди. ЖХП аъзолари ўзларининг партиядошларининг ҳибсга олинишига норозилик сифатида минбарга тўпланиб, парламент Бош ассамблеяси ишини тўсиб қўйишди.
LiveБарчаси