Имомали Раҳмон зилзилада вайрон бўлган уйларни ҳашар қилиб тиклашни буюрди
Олам
−
18 Апрель
4220Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ҳукуматга 13-14 апрель кунлари содир бўлган зилзиладан жабр кўрган Рашт ва Тожикобод туманлари аҳолисига моддий ёрдам кўрсатиш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда мамлакат раҳбари кеча, 17 апрель куни Вазирлар Маҳкамасининг навбатдан ташқари йиғилишида сўз очди.
Маълум қилинишича, махсус комиссия ва ҳудудий штабларга табиий офат оқибатларини бартараф этиш ишларини якунлаб, етказилган зарарни ҳисоб-китоб қилиш вазифаси қўйилган. Президент зилзила оқибатида уйлари тўлиқ ёки қисман вайрон бўлган оилалар рўйхатини шакллантириш бўйича топшириқ берган.
“Ушбу шахсларга бир марталик моддий ёрдам тўланади – унинг миқдорига аниқлик киритилмаган. Бундан ташқари, жабрланганларга қурилиш материаллари, озиқ-овқат ва энг зарур нарсалар ажратилади. Мутасаддиларга қисқа муддатда зилзилабардошлик меъёрларига жавоб берадиган 2 ва 4 хонали уйлар лойиҳаларини тасдиқлаш вазифаси қўйилди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, йиғилиш давомида уйлари шикастланган аҳолига хавфсиз жойларда уй-жой қуриш учун томорқа ерлари ажратилиши ҳам айтиб ўтилган. Вайрон бўлган биноларни таъмирлаш бўйича республика раҳбари вилоят ҳокимиятига ҳашар йўли билан уларни тиклаш ишларини ташкил этишни топширган.
Имомали Раҳмоннинг таъкидлашича, “Тожиксуғурта” компанияси Рашт ва Тожикобод туманлари ҳокимликлари билан биргаликда зилзиладан жабрланганларга суғурта пули тўлайди.
Қайд этилишича, янги уйларни жорий йилнинг 1 ноябрига қадар фойдаланишга топшириш зарур. Ушбу вазифа ва Президентнинг бошқа кўрсатмалари ижросини назорат қилиш Тожикистон Бош вазири Қоҳир Расулзода зиммасига юклатилган.
Ҳукумат йиғилишида махсус комиссия аъзолари зилзила оқибатларини ўрганиш бўйича олинган маълумотларни эълон қилган. Табиий офат оқибатида бир киши ҳалок бўлган, яна 16 киши тан жароҳати олган. 65 та тураржой биноси тўлиқ, 193 таси қисман вайрон бўлган. Шунингдек, 150 та уй ва 193 та ёрдамчи объектга зарар етган. Хусусан, вилоят шифохонаси, иккита тиббиёт пункти, саккизта мактаб ва бошқалар ҳам зарарланган.
Тожикистондаги зилзила
Жорий йилнинг 13 апрель куни Тожикистоннинг Рашт ва Тожикобод туманларида зилзилалар содир бўлди. Зилзиланинг максимал кучи Душанбедан 160 км узоқликда жойлашган эпицентрда 5-6 баллни ташкил этган. Миллий фанлар академияси Геофизика хизмати маълумотларига кўра, ер силкинишлари соат 09:24 да содир бўлган. Зилзила эпицентри Душанбе шаҳридан 160 км узоқликда, Рашт вилоятида жойлашган. Қолаверса, Тожикистондаги ушбу зилзила Ўзбекистоннинг 7 вилояти ва Тошкент шаҳрида ҳам сезилган.