Имомали Раҳмон айрим тожик аёлларини танқид қилди
Олам
−
10 Март
26035Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон миллий маданиятга ёт кийим кийган аёлларни танқид қилди. У бу ҳақда 9 март куни Рамазон ойи арафасида марказий ва маҳаллий ҳокимият органлари мутасаддилари, фаоллар, олимлар ва дин ходимлари билан учрашувида сўз очди.
Унга кўра, Тожикистонда миллий либосларнинг чиройли ва ранг-баранг кўринишлари ишлаб чиқилади. Шунга қарамай, Раҳмон кўплаб аёлларнинг Ҳаждан қайтгач, кийимидаги ўзгаришларни, хатти-ҳаракатлари, такаббурлик қилиши, омма олдида ўзини кўрсатишга уринишини жиддий танқид қилган.
"Ҳаж зиёратига борадиган аёлларнинг аксарияти қайтиб келгач, бошқалардан ажралиб туриш учун маданиятимизга ёт бўлган кийимларни кийиб, уни тарғиб қилмоқда", деган у.
Тожикистон раҳбарининг сўзларига кўра, тожик аёлларининг олдинги авлоди ўзига хос миллий кийим услубига эга бўлиб, уни ўз қизларига мерос қилиб қолдирган – бу гўзаллик ва ранг-баранглик билан бирга, мамлакатнинг қадимги аҳолисининг ахлоқий ва диний қадриятларини акс эттиради.
У мажлис давомида Хотин-қизлар ва оила масалалари қўмитасига тожикистонлик аёлларнинг диний ва маънавий эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда маҳаллий дизайнерлар билан ҳамкорликда бежирим ва ранг-баранг миллий либослар моделларини тайёрлаб, тақдим этиш бўйича топшириқ берган. Шунингдек, кийим-кечак тожикистонлик аёлларнинг диний ва маънавий эҳтиёжларига мос келишига ҳам эътибор қаратган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Имомали Раҳмон амалдорларга камида иккита чет тилини ўрганишни буюрган эди.