Илон Маск Марк Цукерберг билан қафасда жанг қилади
Бу қизиқ
−
22 Июнь 2023
12491Дунёнинг энг йирик технолгик гиганти – Twitter ва Meta эгалари Илон Маск ҳамда Марк Цукерберг ўзаро қафас жангини ўтказишга келишиб олди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Қайд этилишича, Илон Маск Twitter'да Марк Цукерберг билан қафас жангига тайёрлигини ёзган. Шундан сўнг, Цукерберг унинг твитидан олинган скриншотни ўзининг Instagram сторисига “Манзилни юбор” чақириғи билан бирга жойлаштирган. Бунга жавобан Маск, жанг манзилини “Вегас Октагон” дея белгилаган. Бу жой АҚШнинг Невада штати Лас-Вегас шаҳридаги машҳур октагон бўлиб, унда Ultimate Fighting Championship (UFC) жанглари ўтказилади.
Шу ой 52 ёшни қаршилайдиган Маск ўзнинг “Морж” деб аталган жанг услуби борлигини, мазкур услуб шунчаки рақибнинг устига ётиб олиб, ҳеч нарса қилмасликдан иборат эканини ёзган. Шундан кейин у твит остига моржнинг қисқа видеоларини жойлаган. Бу унинг Цукерберг билан жанг қилиш хоҳиши унчалик жиддий эмаслигини ҳам англатиши мумкин.
"Мен деярли ҳеч қачон шуғулланмайман, фақат болаларимни кўтариб, ҳавога улоқтираман", деб ёзади миллиардер.
Унинг 39 ёшли рақиби Цукерберг эса анчайин жиддий “жангчи” бўлиб, аллақачон аралаш яккакурашлар (ММА) бўйича шуғулланган, шунингдек, яқинда жиу-житсу турнирларида ҳам ғолиб чиққан.
BBC нашри жанг бўйича изоҳ олиш мақсадида мурожаат қилганида, Twitter ҳеч қандай изоҳ бермаган.
Тармоқда эса икки миллиардернинг жанги қизғин муҳокама қилинмоқда. Ҳатто, баъзилар томонидан жанг афишалари ва мемлар ҳам тармоққа жойлаштириляпти.
Маълумот учун, Маск ва Цукербергнинг эҳтимолий жисмоний рақобати уларнинг фаолиятидаги “пойга” туфайли ҳам келиб чиқаётган бўлиши мумкин. Чунки Цукерберг эгалик қиладиган Meta яқинда Twitter ва бошқа матнли ижтимоий тармоқ платформаларига рақобат туғдирувчи янги платформа яратиш устида ишланаётганини эълон қилганди. Маскнинг Twitter'ни қабул қилганидан сўнг унда амалга оширган баъзи ўзгаришлари, жумладан, тасдиқланганлик белгиси учун пуллик обуналар ва шу каби бошқа ислоҳотлар кўпчилик фойдаланувчиларнинг норозилигига сабаб бўлаётган бир пайтда янги платформа Twitter фойдаланувчиларининг катта қисмини ҳам “тортиб олиши” мумкин.
LiveБарчаси