ИИВ Маҳмуд Ражабовнинг уйи тинтув қилиниши ва “Пайғамбарлар тарихи” китобининг олиб қўйилиши бўйича баёнот берди
Жамият
−
14 Май 2019
22769Ижтимоий тармоқларда шоир Маҳмуд Ражабовнинг уйида тинтув ўтказгани ва Муҳаммад Солиҳнинг “Пайғамбарлар тарихи” китоби олиб кетилгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Мазкур ҳолат Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар Вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан ўрганиб чиқилиб, расмий баёнот эълон қилинди.
Маълум қилинишича, 2019 йилнинг 26 март куни Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортига “Истанбул-Тошкент” йўналишидаги авиарейс билан Ўзбекистон Республикасига келган Махмуд Каримович Раджабовнинг қора рангли сумкаси божхона ходимлари томонидан кўздан кечирилганда, ундан божхона кўригида тақдим этилмаган жами 26 дона китоблар ҳамда бир дона “Mi 5+” русумли уяли телефон аппарати хотирасида диний мазмундаги, ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материаллар (видео, аудио ёзувлар ва электрон китоблар) борлиги аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан 2019 йилнинг 30 апрель куни “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси томонидан Маҳмуд Ражабовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 246-моддаси 1-қисми (Контрабанда) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг 2019 йил 8 майдаги кўрсатмасига асосан жиноят иши бўйича дастлабки терговни ўтказиш Хоразм вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармасига юклатилган.
Жиноят иши бўйича олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида, Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 158-, 161-, 163-моддалари тартибида, Хоразм вилоят прокуратураси санкцияси (рухсати) билан 2019 йил 10 майда Маҳмуд Ражабовнинг Гурлан тумани, “Бирлашган” қишлоғида жойлашган хонадони ва ёрдамчи хўжаликларида вилоят ва туман ИИБ ходимлари, холислар, шунингдек, “Шанғи” маҳалла фуқаролари йиғини фаоллари иштирокида тинтув тергов ҳаракати ўтказилган.
Тинтув давомида Маҳмуд Раджабовнинг хонадонидан уяли телефон, ноутбук, дисклар, 3 дона Туркия давлатида чоп қилинган (шу жумладан, “Пайғамбарлар тарихи”) диний мазмундаги китоблар ва бошқа ҳужжатлар ўрганиш учун олинган. Тинтув якунида гумон қилинувчи Маҳмуд Ражабов баённомага имзо чекишдан бош тортган, бу ҳақда тинтув баённомасида кўрсатиб ўтилган.
Бундан ташқари, тинтув тергов ҳаракати Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 91-моддаси 4-қисми талабларига асосан тўлиқ видеоёзув воситасидан фойдаланган ҳолда қайд этилиб, тинтув баённомасига илова қилинган.
Шунингдек, тергов ҳаракатлари давомида Маҳмуд Ражабовдан олинган ашёвий далиллар бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг талаблари асосида тегишли (диншунослик, суд-сиёсатшунослик-лингвистик, компьютер-техник) экспертизалар тайинланган.
Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти раҳбарияти томонидан назоратга олинган.
LiveБарчаси