ИИББ Юнусободдаги 2 киши ҳалок бўлган пичоқбозликнинг сабабини очиқлади

3-саҳифа 16155
image

Аввалроқ, Тошкентнинг Юнусобод туманидаги тунги клуб олдида жанжал юз бергани ва бир киши 4 одамни пичоқлагани ҳақида хабар берган эдик. Пичоқланганлардан икки нафари вафот этганди.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Юнусободдаги пичоқбозлик бўйича расмий маълумот берди.

Бошқарма маълумотига кўра, кеча,20 сентябрь куни эрталаб соат 6:00 атрофида патруль-пост хизмати ходимларига Амир Темур кўчасидаги тунги клуб ёнида муштлашув юз бергани ҳақида маълумот келиб тушган. ППХ ходимлари воқеа жойига етиб келишганда, пичоқ билан яраланган тўрт нафар йигитлардан биттаси – 18 ёшли Али Г. воқеа жойнинг ўзида ҳаётдан кўз юмган бўлган, уч нафар йигитлар шифохонага етказилган. Шифохонада жанжалда иштирок этганлардан яна бири – 23 ёшли Данил С. ҳаётдан кўз юмган. 21 ёшли Азиз А. ва 28 ёшли Азизбек Т. айни вақтда шифохонада қолмоқда.

Маълум бўлишича, келишмовчилик икки гуруҳ йигитлар орасида келиб чиққан. 8 кишидан иборат бўлган биринчи гуруҳ орасида икки нафар қизлар ҳам бўлган ва уларнинг ҳаммаси Амир Темур кўчасида жойлашган тунги клуб ёнида бўлишган. 5 кишилик иккинчи гуруҳ ҳам ўша атрофда бўлганлар. Қизлардан бирининг ўз гуруҳидаги йигитга айтган гапи бошқа гуруҳдаги йигитга худди унга айтилгандек туюлган. Шу сабабли орада келиб чиққан можаро муштлашувга айланиб кетган. Муштлашув давомида иккинчи гуруҳ иштирокчиси 23 ёшли Санжарбек Х. пичоқ чиқариб тартибсиз равишда зарба беришни бошлаган. Натижада тўрт нафар йигитлар жабрланиб, улардан иккитаси ҳаётдан кўз юмган.

Воқеа жойига етиб келган Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан 23 ёшли Санжарбек Х., 18 ёшли Сардор К., 23 ёшли Раҳматуллоҳ Х. ва яна бир неча киши қўлга олиниб, ички ишлар бўлимига олиб кетилган. Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан мазкур факт асосида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97 моддаси 2 қисми (“Қасддан одам ўлдириш”) бўйича жиноий иш қўзғатилди. Гумонланувчи тариқасида жиноий ишга жалб қилинган 23 ёшли Санжарбек Х. ҳозирда қўлга олинган.

Айни вақтда келишмовчиликнинг яна икки нафар иштирокчиси бўлмиш 18 ёшли Сардор К. ва 23 ёшли Раҳматуллоҳ Х.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277 моддаси 2 қисми (“Безорилик”) бўйича жиноий иш қўзғатилди. Мазкур шахслар ҳам қўлга олинганлар.

Тергов давом этмоқда. Келишмовчиликнинг бошқа иштирокчиларини қўлга олиш бўйича чоралар кўрилмоқда.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 636
Рейтинг: 2.9
t
×