ИИБ ходимларига овоз бериш жараёнларига аралашмаслик тайинланди (видео)
Жамият
−
30 Апрель 2023
9400Референдум участкаси биноларида хавфсизликни таъминлашга жалб этилган ҳар бир ИИБ ходимига – референдум комиссиялари фаолиятига ва овоз бериш жараёнига аралашмаслик шартлари алоҳида тушунтирилган. Бу ҳақда бугун, 30 апрель куни Марказий сайлов комиссияси матбуот марказида бўлиб ўтган брифингда Ички ишлар вазири ўринбосари Бекмурод Абдуллаев маълум қилди.
Унинг айтишича, референдум участкалари ҳамда уларнинг атрофида жамоат хавфсизлигини таъминлаш учун жами 30 900 дан ошиқ ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари хизматга жалб этилган.
“Амалдаги қонунчиликка кўра, референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ва Жиноят кодексида тегишли тартибда жавобгарлик белгиланган.
Агар жамоатчилик томонидан референдумни ўтказиш қоидаларига зид бўлган ҳаракатлар кузатилса, республиканинг қайси ҳудудида бўлмасин ички ишлар органларининг “102” қисқа рақамли телефони орқали хабар бериш керак”, деди вазир ўринбосари.
Абдуллаевнинг қайтишича, қонунбузилиши ҳолатларини аниқлаш, қайд этиш, ҳар томонлама ва сифатли кўриб чиқилиб ҳуқуқий баҳо берилишини таъминлаш мақсадида суд, прокуратура ва ички ишлар органларининг ўзаро ҳамкорлиги йўлга қўйилган ва барча идораларда туну кун навбатчиликлар ташкил этилган.
“Барча жойларда ёнғин ўчириш бўлинмаларининг жанговар ҳисоблари ва тез тиббий ёрдам хизматларининг узлуксиз навбатчилиги ташкил этилди. Айтиш жоиз, ҳозирга қадар ички ишлар органларига референдумга оид қонунчиликни бузиш билан боғлиқ ариза ёки хабар келиб тушмаган”, деди у.
Таъкидланишича, референдумда қамоқда сақлаш жойларида ушлаб турилган ҳамда қамоққа олинган, шунингдек, унча оғир бўлмаган ёки ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятларни содир этганлиги учун жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар ҳам иштирок этмоқда.
“Хусусан, бугун қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида референдумда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 9 679 нафар шахслар овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятига эга.
Референдум қонунчилигига кўра, референдумга 60 кун қолганда қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларидаги маҳкумларнинг овоз бериши учун жами 18 та референдум участкалари ташкил этилди. Мазкур референдум жараёнларида кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиш ҳуқуқига эга ва улар тўсиқсиз ичкарига қўйилмоқда”, деди Бекмурод Абдуллаев.
Ички ишлар вазири ўринбосарининг маълум қилишича, бугунги кунга қадар Ўзбекистонда референдумга оид 16 758 та учрашув, тарғибот-ташвиқот ва маданий тадбирлар ўтказилган.
“Мазкур тарғибот тадбирларида 20 млн 822 мингдан зиёд фуқаролар иштирок этган ва уларнинг хавфсизлиги тўлиқ таъминланган”, деди Абдуллаев.
Эслатиб ўтамиз, референдумда овоз бериш жараёнлари соат 20:00 га қадар давом этади.
LiveБарчаси