Иброҳим келишувига янги давлатлар қўшилиши мумкин – Трампнинг одами

Олам

image

Янги давлатлар Иброҳим келишувига аъзо бўлиши ва Исроил билан муносабатларни нормаллаштириши мумкин. Бу ҳақда АҚШ Президентининг махсус вакили Стивен Уиткофф кеча, 21 март куни эълон қилинган журналист Такер Карлсонга берган интервьюсида сўз очди.

“Ишонамизки, биз тез орада бир қанча янги давлатларнинг Иброҳим келишувига қўшилиши ҳақида эълон қиламиз. Бу муносабатларни нормаллаштиришнинг олд шарти бўлган Ғазо муаммосининг ечими туфайли мумкин бўлади”, деди Уиткофф.

У Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауднинг муҳим ролига эътибор қаратиб, уни “ажойиб лидер” деб атади. Бироқ Уиткоффнинг қўшимча қилишича, подшоҳликнинг ёш аҳолиси минтақадаги ўзгаришларни диққат билан кузатиб боради, бу эса эҳтиёткор ёндашувни талаб қилади.

“Ғазо муаммосини ҳал қилсак, Саудия Арабистони ва Исроил ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш учун шароит пайдо бўлади”, деди Трампнинг махсус вакили.

Унинг эслатишича, Иброҳим келишувлари АҚШ Президенти Дональд Трамп томонидан яратилган, у бу келишувлар кенгайтирилишини истайди ва Вашингтондаги янги маъмурият бу борада фаол иш олиб бормоқда.

Маълумот учун, 2020 йил сентябрь ойида Вашингтонда Исроил томони АҚШ воситачилигида Баҳрайн ва БАА билан муносабатларни нормаллаштириш бўйича ҳужжатларни имзолаган. Уч томонлама битим Иброҳим келишуви деб номланди. Кейинчалик Марокаш ва Судан яҳудий давлати билан муносабатлар нормаллашганини эълон қилди. Баҳрайн ва БАА билан тинчлик ўрнатилгунга қадар Исроил араб давлатлари орасида фақат Миср ва Иордания билан дипломатик муносабатларга эга эди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазири Файсал бин Фархон ал-Сауд Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумида Фаластин масаласи ҳал этилса, подшоҳлик Исроил давлатини тан олиши мумкинлигини айтганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Саудия Арабистони Исроил Стивен Уиткофф Иброҳим келишуви

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг