Гутерриш Зеленскийни нимага кўндирди?
Олам
−
08 Март 2023
16853Аввал хабар берганимиздек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш бугун, 8 март куни Киевга борган эди. Ташриф доирасида у Украина Президенти Владимир Зеленский билан учрашиб, қатор масалаларни муҳокама қилди. Бу ҳақда Бош котиб идораси хабар берди.
Қайд этилишича, муҳокама қилинган асосий масалалардан бири Дон битими доирасидаги келишувлар муддатини узайтирилиш бўлган.
“Дон бўйича келишувни 18 мартдан узайтириш ва ташаббус мақсадларига мувофиқ Қора денгиз орқали экспорт инфратузилмасидан максимал даражада фойдаланиш учун шароит яратиш устида ишлаш муҳимлигини таъкидламоқчиман”, деган Бош котиб Гутерриш.
Шунингдек, у Россия ҳамда Украинадан ўғит ва ғалла экспорти жаҳон озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини таъкидлаган. Гутерриш дон битими доирасида Украина портларидан 23 миллион тонна дон экспорт қилинганини айтган.
Бундан ташқари, учрашувда БМТ Запорожье атом электр станциясини нормал иш режимига қайтаришни муҳим деб ҳисоблаши ва объект атрофидаги ҳудудни тўлиқ қуролсизлантириш бўйича воситачилик хизматларини кўрсатишга тайёр эканлиги қайд этилган.
“Запорожье атом электр станцияси атрофида ҳимоя ва хавфсизликни таъминлаш жуда муҳим. Мен станциянинг нормал ишлашини таъминлаган ҳолда ҳудудни тўлиқ қуролсизлантиришга эришиш учун мумкин бўлган воситачиликни ҳам муҳим деб ҳисоблайман. Бу борада БМТ ўз воситачилигини таклиф қилишга тайёр”, деган Гутерриш.
Шунингдек, Бош котиб халқаро ташкилот Россия ва Украина ўртасида ҳарбий асирларни алмашишга ёрдам беришини билдирган. Унинг айтишича, БМТ гуманитар муаммоларни ҳал қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашда давом этади. Хусусан, халқаро ташкилот ҳозирда олиб борилаётган ҳарбий асирларнинг алмашинувини сезиларли даражада кенгайтиришга ҳаракат қилади.
LiveБарчаси