Гулжаҳон Йўлдошева кўп нарсани билади, унинг камроқ гапиришини исташди – Хўжаева

Интервью

image

Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонаси Бош шифокори – айбланувчи Гулжаҳон Йўлдошева соғлиқни сақлаш соҳасидаги кўплаб муаммоларни билади ва унга босим ўтказиш мақсадида ҳам қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти диреткори, захирадаги прокуратура полковниги, юридик фанлар номзоди Сайёра Хўжаева QALAMPIR.UZ’га берган интервьюсида айтиб ўтди. 

“Кўп ҳолатларда прокурор ва судьяларнинг фикри субъектив бўлади. Ёки уларга босим қилинган деб айтиш тўғри бўлади. Биз биламизки, Гулжаҳон Йўлдошева ССВни кескин танқид қилган. Пандемия даврида қандай камчиликлар борлигини ўртага ташлаган ва албатта, бу холат айрим раҳбарларга ёқмаган. Албатта, ҳаммаси тахмин. Бир нарса дейиш қийин”, дейди Сайёра Хўжаева. 

Журналист Қамариддин Шайхов инсон ҳуқуқлари фаоли Хўжаевага “ССВни танқид қилиб чиққан шифокорлар кўп бўлди-ку, нега айнан Йўлдашева?”, деган савол билан юзланади. “Демак ССВ нинг кучи шу шифокорга етган”, дейди Сайёра Хўжаева жавобан. 

Сайёра Хўжаевага кўра, ушбу ишда ташқи омиллар аралашуви бўлиши мумкин. 

“Бу ҳам субъектив фикр, тўғридан-тўғри аралашув бўлмаса ҳам, таъсири барибир бўлган. Чунки соҳадаги камчиликларни очиб ташлашга қудрати етганми, демак бунданда кўп нарсаларни айтиши ҳам мумкинлиги уларда қўрқув уйғотган. Ҳозир журналистлар у аёл билан учраша олмайди, унга савол билан мурожаат қилолмайди. Менимча, Гулжаҳон Йўлдошева кўп нарсани билади. Камроқ гапирсин деган мақсадда, балки, унга қамоққа олиш эҳтиёт чораси белгилаган бўлишлари ҳам мумкин. Олти фарзанднинг онаси, доимий яшайдиган жойи маълум, ҳеч қаерга қочмаслиги маълум. Менимча, бундай ҳолатда унга нисбатан қўлланилган қамоққа олиш  эҳтиёт чораси – жуда қаттиқ чора.  Очиқда қолдириш ҳам, ёки аввал бошиданоқ уй қамоғида сақлашлари ҳам мумкин эди”, дейди ҳуқуқ фаоли. 

Агар Йўлдошева мисолида олиб қарасак, Ўзбекистонда ҳақиқатни гапириш, адолат учун курашиш ҳали ҳам хавфми? Хўжаева бу саволга қуйидагича жавоб беради: 

“Демак, хавфли экан-да. Мен ҳам авваллари бу даражада дадил гапирмасдим. Менга оғир-босиқ, мослашувчан бўлиш керак, деб кўп айтишади. Мен оғир-босиқ, вазминман, лекин бефарқ эмасман. Ҳаётда бўлаётган жараёнларга бефарқ бўлиб яшагандан кўра, яшамаслик керак. Бир умр тутаб яшагандан, бир лаҳза ёниб яшаш, тафтингиздан бошқаларни ҳам иситишингиз керак. Қолаверса юрт тақдирига бефарқ бўлиш, келажакка бефарқ бўлиш билан баробардир. Эртага фарзандларимиз, набираларимиз қўзига қандай қараймиз? Шунинг учун ҳам, доим ҳақиқат йўлида, адолат йўлида бўлсак – адашмаймиз ва пок виждон билан ёруғ дунёни тарк этамиз”. 

Суҳбатни тўлиқ ушбу манзилда ўқишингиз мумкин. 

Йўлдошева иши 

Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори, вилоят бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева коронавирус касаллигига чалинган бемор ўлимига сабабчи бўлиш ва 250 млн сўм маблағни талон-торож қилишда айбланиб ҳибсга олинганди

У Зангиота туманида жойлашган тергов ҳибсхонасининг аёллар бўлинмасида сақланаётган эди. 

Йўлдошевага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган эди

Жорий йилнинг 8 сентябрь куни шифохона Бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева мажбурий тартибда терговга олиб келиниб, Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ҳамда 207-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб этилган.
 
Прокуратура баёнотига кўра, айбланувчи Гулжаҳон Йўлдошева тергов ҳаракатларини амалга оширишга тўсқинлик қилаётгани, ўзига юклатилган мажбуриятларни бажармаётгани, у томонидан содир этилган жиноят оғир жиноятлар туркумига кириши, шунингдек, унинг жиноий фаолият билан шуғулланишига барҳам бериш, қочиб кетишининг, далилларни яшириши ёки йўқ қилиб юборишининг олдини олиш мақсадида процессуал тартибда ушланиб, суднинг 9 сентябрдаги ажрими билан унга нисбатан “қамоққа олиш” эхтиёт чораси қўлланилган.

Биз бугунгача ушбу иш юзасидан Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри прокурори Бахтиёр Иброҳимов, вилоят Руҳий асаб касалликлари диспансери Бош шифокори Феруза Шоносирова, Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонасида вафот этган шифокор Фаррух Рустамовнинг рафиқаси Камола Рустамова, Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Низом Абдуллаев билан суҳбатлашдик. Ушбу интервьюларда улар бир овозда Гулжаҳон Йўлдошевани айблаган. QALAMPIR.UZ воқеаларга янада аниқлик киритиш, иккинчи тарафнинг фикрларини тинглаш мақсадида Гулжаҳон Йўлдошеванинг ҳимоячиси Хушнуд Ахроровга микрофон тутди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сайёра Хўжаева Гулжаҳон Йўлдошева

Баҳолаганлар

405

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг