АОКАнинг хатти-ҳаракатлари – босим ўтказиш, цензурани “реанимация қилиш” – Хўжаева Хўжаев ҳақида
Жамият
−
11 Декабрь 2020
7997Маълумки, охирги вақтларда Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлиги масаласи кун тартибига чиққан. Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан бир қанча электрон оммавий ахборот воситаларига огоҳлантириш хатлари юборилиши журналистик фаолият ва сўз эркинлигининг босим остига олиниши, “цензуранинг тирилиши” деб баҳоланмоқда. Ушбу ҳолат халқаро экспертлар, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги дипломатлари эътиборига ҳам тушди. Хўш, мамлакатда фаолият юритаётган инсон ҳуқуқлари фаоллари бу борада нима дейди? Улар нега жим? QALAMPIR.UZ АОКА ва ОАВ билан боғлиқ ҳолат юзасидан Демократия ва инсон ҳуқулари институти директори Сайёра Хўжаевага юзландик.
“Охирги кунларда AОКAнинг хатти-ҳаракатлари инсон ҳуқуқини ҳимоя қилувчи ташкилот сифатида бизни ҳайратга солди. Президент Шавкат Мирзиёев Конституциямиз қабул қилинганинг 28 йиллигига бағишланган табрик сўзида, “ўз йўлимиздан ортга қайтмаймиз”, деб таъкидлаб ўтди. Президентни ортга қайтишга йўл йўқ, олиб бораётган ишларимизни давом эттирамиз деган сўзлари кўпчиликнинг диққат марказида бўлиб, биз, айнан инсон ҳуқуқини ҳимоя қиладиган ташкилотларни хурсанд қилди.
Ёдингизда бўлса жорий йилнинг январь ойида Президент Олий Мажлисга йўллаган мурожаатида “Жамият ислоҳатларнинг ташаббускори” деб таъкидлаган эди. Шундай экан, фуқаролик жамияти институтлари давлат органлари билан ислоҳотларга хамнафас бўлиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда асосий воситаларни ишлатишлари зарур деб ўйлайман. Шундай экан, ортга йўл йўқ”, дейди Сайёра Хўжаева
Хўжаеванинг сўзларига кўра, aгентлик босим ўтказишга ҳаракат қилди. Буни эса очиқчасига цензура деб баҳолаш мумкин.
“Агентликнинг хатти-ҳаракатлари босим ўтказиш, очиқ айтиш керак, бу цензуранинг аввалгидек “реанимация қилиниши”. Бунга давлат раҳбари ҳам, жамият ҳам, халқаро ташкилотлар ҳам ўз баҳосини берди. Мен ўйлайманки, агентлик ҳам ўз фаолиятини янгидан кўриб чиқиши керак. Орқага йўл йўқ экан, демак улар ҳам янги жараёнларга ҳамнафас бўлиб, бошқача йўл тутишлари керак. Цензурага йўл йўқ!”, дейди инсон ҳуқуқлари фаоли.
Электрон оммавий ахборот воситаларига АОКА раҳбарияти томонидан огоҳлантириш хатларининг юборилиши ижтимоий тармоқларда кўплаб баҳс-мунозараларни келтириб чиқарди. Кимдир давлат ОАВнинг тизгинини тортмоқда деса, яна бошқа биров огоҳлантиришлар давлатнинг ОАВга муносабатини ифода этмаслиги, аксинча, бу ҳолат унинг янги раҳбарияти билан боғлиқлигини айтади. Хўжаева бу борада сўз юритаркан, фамилиядоши – АОКА раҳбари Асад Хўжаевни яхши танишини урғулайди.
“Мен ўйлайманки, AОКAнинг янги раҳбари тажрибали инсон, гап йўқ. Лекин янги талаблардан келиб чиқиб, жамоани тўғри йўналтириши керак. Ишга келишлари билан цензурани тиклаш хати-ҳаракатлари нафақат фуқаролик жамияти институтлари, балки халқаро ташкилотлар учун ҳам сигнал-да. Халқаро ташкилотлар бўлган воқеалардан хушёр тортишди ва бу воқеа уларда Президент айтган гаплар қаерда қолди деган саволни ҳам пайдо қилди. Улар ҳам ўз фикрларини билдиришди. AОКA ОAВга бўлган муносабатини ўзгартиради, деган ниятдамиз”, дейди Сайёра Хўжаева.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь