Тошкентда журналист ИИО ходимлари томонидан ушланди. АОКА муносабат билдирди
3-саҳифа
−
16 Январь
11879Тошкентда репортаж тайёрлашга борган журналист ички ишлар ходимлари томонидан асоссиз олиб кетилиб, бир неча соат давомида идорада ушлаб турилгани айтилмоқда. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Маълумотларга кўра, “Новости Узбекистана” нашри ходими Михаил Довлатов журналистик текширув олиб бораётган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланиб, жавобгарликка тортилган. Бу эса ижтимоий тармоқларда кескин мунозараларга сабаб бўлмоқда.
Нашрнинг билдиришича, ҳолат 14 январь куни Учтепа туманида содир бўлган. У 11-даҳада истиқомат қилувчи аҳоли билан учрашиши керак бўлган. Ўз навбатида, фуқаролар 150 га яқин гараж ҳамда 98 та дарахт ўрнига болалар боғчаси қурилаётгани тўғрисида маълумот бериши режалаштирилган. Довлатов аҳоли билан соат 13:00 да воқеа жойида учрашишга келишган. Шунингдек, у ерда Учтепа тумани ҳокимлиги вакиллари, эколог ва бошқа экспертлар таклиф этилган.
“Автотураргоҳга киришдан 50 метр нарида бир гуруҳ эркакларга кўзим тушди, уларнинг айримлари ҳуқуқ-тартибот органларининг формасида эди, шунингдек, Isuzu автозаки ҳам турарди. Улар ёнидан ўтар эканман, менга мурожаат қилишаётганини эшитиб қолдим, ўгирилганимда фуқаролик кийимидаги биттаси яна мени чақирди.
Ёнига бориб, гап нимада эканини билмоқчи бўлдим. У эса бу ерда чекиш тақиқланишини айтди. Мен атрофда тамаки чекишни тақиқлайдиган бирор белги йўқлигини билдирдим. У бўлса, бу ер жамоат жойи ҳисобланиши ва бу ерда чекиш умуман мумкин эмаслигини таъкидлади…”, дейди журналист.
Шундан сўнг, эркак уни туманнинг 2-сонли ички ишлар идорасига олиб борган, телефон ва техникалари олиб қўйилган. Идорада ундан нима учун митинг ташкиллаштирмоқчи экани сўралган. Бир неча соат ИИО ФМБда ушлаб турилган журналистга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) бўйича жавобгарлик белгиланган.
Воқеадан хабар топган Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги мазкур ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан муносабат билдиришлари, шунингдек, келгусида бундай ҳолатлар такрорланмаслиги мақсадида аниқ ўрганиш ҳамда тегишли хулоса ва чоралар кўрилиши бўйича Бош прокуратурага сўров хати юборган.
“ОАВ вакилларининг касбий фаолияти давомида тазйиқ ўтказиш, тўсқинлик қилиш каби ҳолатлар сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш борасидаги давлат сиёсатига зид бўлиб, Агентлик, ўз навбатида, барча даражадаги давлат идоралари ходимларини ахборот қонунчилиги ҳамда журналистлар ваколатларига ҳурмат билан муносабатда бўлишга чақиради”, дейилади АОКА муносабатида.
Шунингдек, агентлик Ўзбекистон қонунчилигида журналистлар ҳуқуқлари, ахборот олиш эркинлигига оид масалалар қатор нормалар билан мустаҳкамлаб қўйилганини эслатган.
LiveБарчаси