АОКА Матвиенкога йўлланган ўлим таҳдидини қоралади
Жамият
−
04 Май 2023
6579Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги мустақил фаолият кўрсатувчи “Сукут сақлама” (“Nemolchi”) лойиҳасининг асосчиси, жамоатчилик фаоли, журналист Ирина Матвиенкога юборилган таҳдидларни қоралаб, вазиятга ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратурага ушбу масалани назоратга олишни сўраб расмий хат орқали мурожаат қилди.
“Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 10-моддасида, журналист ўз касбига доир фаолиятни амалга оширишида унинг ҳимоя қилинишини таъминлаши лозимлиги, шунингдек, ушбу қонуннинг 14-моддасида журналистнинг қонунда белгиланган ҳуқуқларини бузганлик, унинг ҳаёти, соғлиги ва мол-мулкига таҳдид, зўравонлик ёки тажовуз қилганлик қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган. Бу каби ҳимоявий кафолатлар “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасида ҳам ўз ифодасини топган.
“АОКА бу каби ҳолатларни сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш, журналистларнинг эркин фаолият кўрсатиши борасидаги янгича очиқлик сиёсатига зид хатти-ҳаракатлар сифатида кескин қоралайди. Шунга кўра, АОКА воқеликни ўрганиш ҳамда вазиятга ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратурага ушбу масалани назоратга олишни сўраб расмий хат орқали мурожаат қилди”, дейилади АОКА баёнотида.
Агентлик олиб борилаётган ўрганиш натижаларини диққат билан кузатиб бориши ҳамда журналист ҳаёти хавфсизлиги таъминланишига, шунингдек, қонунчиликка зид равишда таҳдид қилган шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўрилишига ишонишини айтган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 3 май куни жамоатчилик фаоли Ирина Матвиенко Ўзбекистонни вақтинча тарк этгани, бунга номаълум шахсдан ўлим таҳдидини олгани сабаб бўлганини маълум қилган эди. Кейинчалик мазкур ҳолат Ички ишлар вазирлиги Тезкор қидирув департаменти Киберхавфсизлик маркази томонидан ўрганилаётгани айтилди.
LiveБарчаси