Гулнора Каримованинг активлари Ўзбекистонга қайтарилаётган маблағдан бир неча баравар кўплиги очиқланди

Жамият

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова ва унинг бошчилигидаги уюшган жиноий гуруҳ аъзоларидан ундирилиши лозим бўлган жами активлари тақрибан 686 миллион АҚШ долларига тенг.

Ҳозиргача тахминан 336 миллион АҚШ доллари узил-кесил мусодара қилинган. Шундан 131 млн АҚШ доллари Ўзбекистонга қайтиши хал бўлди, 205 млн АҚШ доллари бўйича эса ишлар якунига етмоқда.

Ҳозирги кунда, қўшимча тақрибан 350 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни мусодара қилиш масаласи Швейцария судларида кўриб чиқилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 август куни Ўзбекистон Республикаси ва Швейцария Конфедерацияси ўртасида “Швейцария Конфедерацияси ҳудудида конфискация қилинган ноқонуний орттирилган активларни Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг манфаатларида қайтариш йўллари тўғрисида”ги битим имзоланди.

Мазкур битим ноқонуний орттирилган тақрибан 131 млн АҚШ долларига тенг активларни Ўзбекистонга қайтаришни, қайтаришнинг асосий принциплари, механизм ва мақсадларини белгилайди.

Хусусан, маблағларни қайтариш Бирлашган миллатлар Ташкилотининг “Uzbekistan Vision 2030 Фонди” деб номланган кўп шериклик траст жамғармаси орқали амалга оширилади.

Сўнгги маълумотларга кўра, Гулнора Каримова Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган 21-сонли жазони ўташ колониясида сақланмоқда. У колонияга 2019 йилнинг 14 март куни олиб келинган ва 7-отряднинг 2-секторига (умумий режимдаги) жойлаштирилган.

2020 йилнинг 18 март куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Гулнора Каримова ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди. 

Ўтказилган ёпиқ суд мажлисида судланувчилар, гувоҳлар, жабрланувчилар кўрсатмалари тингланди, далиллар текширилди ва судланувчилар ҳимоячиларининг важлари муҳокама қилинди.

Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, судланувчи Гулнора Каримовани жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбли деб топди.

Суд ҳукми билан Гулнора Каримовага 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганлигини инобатга олган ҳолда жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, Гулнора Каримова жорий йилнинг 8 июль куни 50 ёшни қаршилади. Унинг ўғли Ислом Каримов Лондонда истиқомат қилмоқда. У уйланган, бир нафар фарзанди бор. Қизи Имон Каримова ҳам Лондонда ўқишни давом эттирмоқда ва у баъзан Ўзбекистонга келиб туради. Имон Каримова бувиси Татьяна Акбаровна Каримова ва холасининг қизи Марям Тилляева билан узилиб кетган муносабатларни тиклаган. 

Каримовлар оиласининг кенжа қизи Лола Каримова-Тилляева Ислом Каримов вафотидан кейин Ўзбекистонни тарк этган.  У АҚШдан туриб Ислом Каримов номидаги Республика жамоат фондини юритмоқда. Шунингдек, “The harmonist” атторлик моллари брендига ҳам асос солган. Биринчи Президентнинг беваси Татьяна Каримова эса Тошкентда ёлғиз истиқомат қилмоқда. У 26 август куни 74 ёшни қаршилайди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Гулнора Каримова

Баҳолаганлар

280

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг