Грузиядаги талатўпларда АҚШнинг қўли борми?
Олам
−
10 Март 2023
8206Аввал хабар берганимиздек, Грузияда хорижий агентлар тўғрисидаги қонун лойиҳаси қабул қилиниши ортидан намойишлар авж олган эди. Россия Давлат Думаси спикери Вячеслав Володиннинг фикрича, бу ҳаракатларда АҚШнинг қўли бор. Бу ҳақда у ўз Telegram-каналида ёзган.
Володинга кўра, хорижий агентлар тўғрисидаги қонун Вашингтоннинг мамлакатнинг ички сиёсий ҳаётига таъсирини чеклаб қўяди. Шунинг учун ҳам унинг қабул қилиниши АҚШ учун номақбул бўлган.
Унинг фикрича, расмийлар лойиҳани қайтариб олишга қарор қилгани сабабли, Грузия суверенитет учун имкониятни бой берган. Агар ҳужжат қабул қилинса, Грузия сиёсий партияларни ёки оддий қилиб айтганда, Грузияга қарши кун тартибини ташкил этувчи мухолифат, оммавий ахборот воситалари, жамоат ташкилотларини молиялаштириш учун четдан келаётган маблағларни назорат қила оларди.
Шунингдек, Володиннинг Грузиядаги норозилик намойишлари Вашингтон ёрдами билан уюштирилганини даъво қилган.
“АҚШ юмшоқ куч воситаларидан фойдаланиш орқали одамларни кўчага олиб чиқди. Грузия ҳукумати халқ иродасига эмас, АҚШга бўйсунишга мажбур бўлди”, дейди Давлат Думаси спикери.
Эслатиб ўтамиз, мазкур қонун лойиҳаси парламентда кўриб чиқилаётганда депутатлар муштлашиб кетган эди. Кейинчалик қонун парламент муҳокамасидан ўтгач, мамлакатда намойишлар бошланди. Хавфсизлик кучлари намойишчиларни сув пуркагичлар ва кўзни ёшлантирувчи газ ёрдамида тарқатиб юборишга уринди. “Грузия орзуси – Демократик Грузия” партияси намойишлар фонида парламентдан чет эл агентлари ҳақидаги қонун лойиҳасини чақириб олишга қарор қилди. Бироқ бунга қарамасдан, мухолифат намойишларни давом эттиришга чақирди. 10 март куни эса Грузия парламенти аъзолари мазкур қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда рад этди.
LiveБарчаси