Грузия Бош вазири Ўзбекистонни тарк этиб, Туркманистонга борди
Олам
−
20 Июль 2022
4455Кеча, 19 июль куни Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қабулида бўлган Грузия Бош вазири Ираклий Гарибашвили бугун, 20 июль куни Ашхободда Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда Грузия Ҳукумати портали хабар бермоқда.
Қайд этилишича, икки давлат ўртасидаги муносабатларни чуқурлаштириш истиқболлари, қўшма лойиҳалар, шунингдек, Грузия ва Туркманистоннинг транзит салоҳияти учрашувнинг асосий мавзулари бўлган.
Томонлар “Каспий ва Қора денгизлар орқали Осиё ва Европа ўртасида юк ташиш самарадорлиги ва хавфсизлигини ошириш” ҳамда “минтақалараро муносабатларни ривожлантиришга кўмаклашиш”га қаратилган стратегик лойиҳаларни амалга ошириш ҳақида сўз юритган.
Гарибашвилининг таъкидлашича, Грузия ҳукумати янги автомобиль ва темир йўлларни қуришга катта маблағ ажратмоқда, шунингдек, денгиз портлари имкониятларини кенгайтиришга катта эътибор қаратмоқда. Бош вазир Туркманистон учун Грузия ҳудуди орқали Қора денгизга олиб борадиган йўлакдан фойдаланиш фойдали бўлишига ишонч билдирмоқда.
Суҳбат чоғида энергетика соҳасидаги стратегик шериклик масалалари ҳам кўриб чиқилган. Томонлар мавжуд ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга тайёр эканликларини билдирган.
Гарибашвили Туркманистон Президенти билан учрашувни “самарали” деб баҳоламоқда.
“Биз савдо-иқтисодий алоқаларни чуқурлаштиришнинг янги имкониятларини муҳокама қилдик. Ўзаро манфаатли мақсадларга эришиш учун Грузиянинг стратегик жойлашуви салоҳиятини ўрганиш бўйича лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш кун тартибимиздаги энг муҳим масала эди”, деб ёзди Грузия Бош вазири учрашувдан сўнг ўзининг Twitter’даги саҳифасида.
LiveБарчаси