Грузия ўз ҳудудларини тинч йўл ва прагматик сиёсат билан қайтариши керак – Гарибашвили
Олам
−
08 Август 2023
4639Грузия Бош вазири Ираклий Гарибашвили мамлакат ўз ҳудудларини тинч йўл билан, тўғри, оқилона ва прагматик сиёсат билан қайтариши кераклигини айтди. Бу ҳақда у Россия-Грузия урушининг 15 йиллигига бағишланган тадбирда гапириб ўтган.
“Биз тўғри, тинчликсевар сиёсат ишлаб чиқдик, бу эса мамлакатимиз ҳудудларини деоккупация қилиш ва мамлакатни якуний бирлаштиришга олиб келиши керак”, дейди ҳукумат раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, тинчликнинг муқобили йўқ.
“Дўстларим, дунёда тинчликнинг муқобили йўқ. Биз тўғри, оқилона, прагматик сиёсатимиз билан ҳудудларимизни тинч-тотув қайтаришимиз керак. Мен бунга ишонаман. Ҳар куни биз бу катта мақсадга яқинлашиб бормоқдамиз. Ушбу буюк фожиа муносабати билан барчангизга яна бир бор ҳамдардлик билдираман. Қаҳрамонларимиз хотираси муборак бўлсин, қаҳрамонларимизга таъзим қиламан”, дейди Бош вазир.
Шунингдек, у 2008 йил августдаги урушнинг олдини олиш мумкинлигини таъкидлаган.
“Биз бу урушнинг олдини олиш мумкинлигини бир неча бор айтганмиз. Воқеалар қандай кечганини биламан. Яна бир бор айтмоқчиманки, бизнинг ҳарбийларимиз энг катта қаҳрамонлик ва фидойилик кўрсатгани фонида собиқ бош қўмондон катта масъулиятсизлик кўрсатди”, дейди Гарибашвили.
Бош вазир Грузиянинг собиқ расмийларини ўз манфаатларини кўзлаб иш тутаётганликда айблаган.
"Бу Грузия ҳудудларини бирлаштириш, халқимизни, миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш ҳақида қайғурмайдиган, фақат ўз манфаатларини ўйлайдиган ҳукумат бўлган ҳақиқий антимиллий ҳукумат эди", дейди Бош вазир.
Маълумот учун, 2008 йил Россия ва Грузия ўртасида уруш бўлиб ўтади. QALAMPIR.UZ журналистининг ушбу уруш тафсилотлари, якунлари ҳақидаги мақоласини қуйидаги ҳавола орқали ўқишингиз мумкин.
LiveБарчаси