Арипов Гарибашвили билан учрашди (видео)
Олам
−
18 Июль 2023
22262Ўзбекистон Республикасаи Бош вазири Абдулла Арипов Грузияга бориб, мамлакат Ҳукумати раиси Ираклий Гарибашвили билан учрашди. Бу ҳақда Грузия Вазирлар Маҳкамаси сайтида хабар берилди.
Гарибашвили ҳукумат ва грузин халқи номидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни сайловдаги ғалабаси билан табриклаб, Ўзбекистон ва ўзбек халқига муваффақиятлар тилаган.
Бош вазирлар юзма-юз учрашувда савдо-иқтисодий соҳадаги ҳамкорликни муҳокама қилган. Ираклий Гарибошвилининг таъкидлашича, 2021-2022 йилларда ўзаро товар айирбошлашда сезиларли ўсиш кузатилган, Грузия Ўзбекистон Республикасини муҳим ҳамкор деб билади, сармояларни жалб этишда ҳамкорлик қилишдан манфаатдор ва ўзбекистонлик инвесторларни Грузияда кўришдан мамнун.
Томонлар иқтисодиёт соҳасидаги ҳамкорлик салоҳиятидан тўлиқ фойдаланишга, савдо алоқаларини чуқурлаштириш йўлида ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдирган.
Ҳукумат раҳбарлари Грузиянинг транзит салоҳияти, “Ўрта йўлак”ни ривожлантириш муҳимлигини ҳам муҳокама қилган ва мазкур транспорт йўналишини халқаро форматда илгари суриш муҳимлиги айтилган.
Юзма-юз учрашувдан кейин музокаралар делегациялар иштирокида кенгайтирилган таркибда давом этган. Томонлар Грузия ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг асосий йўналишларини муҳокама қилган.
Кенгайтирилган учрашувдан сўнг Грузия ва Ўзбекистон бош вазирлари Грузия ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича 2023-2024 йилларга мўлжалланган қўшма амалий чора-тадбирлар режасини имзолаган.
Шунингдек, Грузия Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ўртасида Грузия-Ўзбекистон ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш тўғрисида битим имзоланган. Ҳужжатни Ўзбекистон томонидан Грузия Савдо-саноат палатаси президенти Гиорги Пертая, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов имзолаган.
LiveБарчаси