Греция тан олинмаган Шимолий Кипрга ТДТ кузатувчиси мақомини беришни қоралади
Олам
−
12 Ноябрь 2022
10365Греция Туркия расмийларининг халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган Шимолий Кипр Турк Республикасига (ШКТР) Туркий Давлатлар Ташкилотида (ТДТ) кузатувчи мақоми берилиши ҳақидаги баёнотларини қоралайди. Бу ҳақда Греция Ташқи ишлар вазирлиги кеча, 11 ноябрь куни тарқатган баёнотида айтилади.
"Биз турк расмийларининг сохта давлатнинг Туркий Давлатлар Ташкилотига кузатувчи мақомига эга бўлганлиги ҳақидаги баёнотларини қоралаймиз. Кипр Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳам бу борада тегишли хабар тарқатди. Ҳар қандай псевдодавлат мақомини оширишга уриниш халқаро ҳуқуқ ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг 541 ва 550-сонли резолюцияларини қўпол равишда бузиш ҳисобланади”, дейилади ҳужжатда.
Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Грециянинг позицияси барқарор ва ўзгармасдир.
“Биз Кипр муаммосининг БМТ Хавфсизлик Кенгашининг тегишли резолюцияларига асосланадиган ва Европа қонунчилигига мос келадиган адолатли ва барқарор ечимга эришиш, яъни икки жамоали, икки ҳудудли [оролда] федерация ташкил этилишини қўллаб-қувватлаймиз”, дея таъкидлади вазирлик.
Кеча, 11 ноябрь куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Шимолий Кипр Турк Республикасига кузатувчи мақоми берилгани учун Туркий давлатлар ташкилоти саммитида иштирок этаётган давлатлар раҳбарларига миннатдорлик билдирди. Эрдўған Самарқанддаги ТДТ саммитининг очилиш маросимида сўзлаган нутқида Шимолий Кипрни ташкилотга таклиф қилишни ва унга кузатувчи мақоми беришни таклиф қилди. Кейинроқ Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли Twitter’даги саҳифасида Шимолий Кипр Турк Республикаси ТДТда кузатувчи мақомини олганини ёзди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норов саммит якунлари бўйича ўтказилган брифингда “Шимолий Кипрни мустақил давлат сифатида тан олиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас”, деб таъкидлади. Шунингдек, у Шимолий Кипр Турк Республикаси Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотида кузатувчи мақомига эга эканлигини, шунингдек, Халқаро Туркий маданият ташкилоти фаолиятида иштирок этишини эслатди.
Кипр оролнинг Грецияга қўшилиши тарафдорлари томонидан амалга оширилган давлат тўнтариши натижасида 1974 йилда Туркия қуролли босқинидан бери этник жиҳатдан бўлинган. Ҳарбий ҳаракатлар натижасида Кипр ҳудудининг тахминан 37 фоизи Туркия назорати остида бўлиб, Шимолий Кипр 1983 йилда ташкил топган ва жаҳон ҳамжамиятида фақат Анқара томонидан тан олинган. Туркия Шимолий Кипрда 40 минг кишилик ҳарбий контингентини сақлаб турибди. Оролнинг жанубий қисми асосан Кипр юнонлари яшайдиган Кипр Республикаси назорати остида қолди.
LiveБарчаси