Шимолий Кипр тақдири нима бўлди?
Олам
−
11 Ноябрь 2022
13481Биродарлик қонуни талабларини бажарган ҳолда, Шимолий Кипр Турк Республикасини [Туркий давлатлар] ташкилотимизга кузатувчи давлат ўлароқ қабул қилдик. Бу ҳақда Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бугун, 11 ноябрь куни Самарқандда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишидаги нутқида гапирган.
Гап шундаки, айни вақтда Туркиядан бошқа дунёнинг ҳеч бир мамлакати томонидан тан олинмаган Шимолий Кипр Турк Республикасининг Туркий давлатлар ташкилотига кузатувчи сифатида қабул қилиниши катта муҳокамаларни келтириб чиқармоқда.
Аввалига Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли ўзининг Twitter’даги саҳифаси орқали Шимолий Кипр Турк Республикаси Туркий давлатлар ташкилотига кузатувчи ўлароқ қабул қилинганини ёзган эди. Орадан кўп ўтмай, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норов туркиялик мавқедошининг айтганларини рад этиб, саммит натижасида Шимолий Кипр бўйича алоҳида қарор имзоланмагани, Ўзбекистон, айниқса, давлат суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги масалаларида халқаро ҳуқуқ нормаларига қатъий амал қилиши, Шимолий Кипрни мустақил давлат сифатида тан олиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмаслигини айтиб чиқди.
Бироқ, вазият Норов айтганичалик ҳам эмасдек. Чунки, ушбу саммитда Туркия раҳбари Эрдўған Шимолий Кипр Турк Республикаси Туркий давлатлар ташкилотига кузатувчи давлат сифатида қабул қилинганини ишонч билан таъкидлаб, бунинг учун ТДТ давлатлари раҳбарлари миннатдорлик билдирган.
“Биродарлик қонуни талабларини бажарган ҳолда, Шимолий Кипр Турк Республикасини [Туркий давлатлар] ташкилотимизга кузатувчи давлат ўлароқ қабул қилдик. Турк дунёсининг ажралмас бир қисми бўлган кипрлик биродарларимизнинг ёлғиз эмаслигини кўрсатиб, ечим жараёнига ҳам ҳисса қўшдик. Ушбу бирдамлик иродасини намоён этганингиз учун сиз, азиз биродарларимнинг ҳар бирингизга алоҳида миннатдорлик билдираман”, деди Эрдўған ўз нутқида.
Маълумот учун, Шимолий Кипр Турк Республикаси фақат Туркия томонидан тан олинган давлат ва унинг иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий ёрдамига жуда боғлиқ. Туркия Шимолий Кипр кўмагида ўз қўшинлари контингентини Шимолий Кипрга жойлаштирмоқда. Кипр Республикаси ва БМТ уни босқинчи куч деб ҳисоблайди. Республика Ислом Ҳамкорлик Ташкилотига кузатувчи сифатида аъзо.
Шимолий Кипр Турк Республикаси аҳолиси тахминан 294 906 киши бўлиб, 3355 км² майдонда яшайди. Аҳолининг катта қисмини этник турклар ташкил этади. Уларнинг анклавларида қолган кипр юнонлари ва ливанлик маронитлар ҳам яшайди. Шимолий Кипр Республикаси пойтахти Кипр Республикаси ва Шимолий Кипр Республикаси ўртасида бўлинган Лефкоса (Никосия) шаҳри.
Шимолий Кипр Турк Республикаси Кипрнинг қолган қисмидан буфер зона билан ажратилган. Оролни икки секторга ажратувчи чизиқ Кипрдаги БМТ тинчликпарвар кучлари контингенти томонидан қўриқланади.
LiveБарчаси