Идорани тутатган валломат
Таҳлил
−
10 Апрель
9976Амалдорларнинг хизмат хонасида пора олгани, ходимларини бўралатиб сўккани, талаба қизларнинг номусига тегишга урингани ёки калтакланганини эшитгансиз. Лекин “каттакон”нинг ўз хизмат хонасида гиёҳвандлик моддаси истеъмол қилганини эшитамиз деб ўйлаганмидингиз? Ҳа, мана буни ҳам эшитдик.
9 апрель куни ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлим бошлиғи ўринбосари хизмат хонасида гиёҳвандлик моддасини истеъмол қилаётгани акс этган сурат тарқалди. Биринчилардан бўлиб ҳолатга изоҳ берган Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби қуйидагича жавоб берди:
“Мазкур ҳолат юзасидан тезкор-қидирув тадбири ўтказилган. Натижада фотосуратдаги фуқародан 0,69 грамм “гашиш” моддаси мусодара қилинган. Суд-кимёвий экспертиза хулосасига кўра, модда гиёҳвандлик моддаси деб топилган”, дейди Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов.
ИИВ воизига кўра, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 276-моддаси 1-қисми (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиш, ташиш ёки жўнатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда. Бироқ Шоҳрух Ғиёсов шахсга оид ахборотни очиқлаш қонун билан тақиқланганини, шунингдек, айбсизлик презумпциясига риоя қилиш зарурлигини эслатиб кетган.
Шу куннинг ўзида тарқалган хабарларга изоҳ берган Андижон вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси мазкур ҳолат ИИБ томонидан назоратга олингани ва ҳозирда ҳолат тасдиқланмагани, тегишли тартибда суриштирувлар олиб борилаётганини айтиб чиқди.
Орадан бир кун ўтиб, 10 апрелда эса шу ташкилотнинг ўзи амалдор ишдан олинганини айтиб чиқди. Буни қарангки, наркотик модда истеъмол қилган амалдор Андижон вилояти эмас, Андижон шаҳар Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бошлиғи ўринбосари экан.
“Андижон шаҳри Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бошлиғи Д.У. ҳамда унинг ўринбосари С.Б. билан меҳнат шартномаси бекор қилинди. Ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда”, дейилади хабарда.
Ҳар икки муносабатда ҳам амалдорнинг хизмат хонасида яна кимлар бўлгани айтилмаган. Суратга қарасангиз Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари ёнида бир одам ўтирганини кўрасиз, аммо уларни учинчи шахс суратга олган. Хонада улардан бошқа яна кимдир бўлган ё бўлмагани таҳририятга маълум эмас.
Расмий баёнотда Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бошлиғи ва наркотик модда истеъмол қилган ўринбосари билан меҳнат шартномаси бекор қилингани айтилди. Бошлиқ ҳам шу хонада бўлгани, у ҳам наркотик моддадан истеъмол қилгани номаълум. Балки у ўзининг “зам”ини тийиб қўймагани учун ишдан олингандир. Албатта, буларнинг барчаси тергов давомида аниқ бўлади.
LiveБарчаси