Германиядаги дарёдан Иккинчи жаҳон урушига оид совет қуроли топилди
Олам
−
19:23 611 2 дақиқа
Германиянинг Бранденбург федерал еридаги Форст шаҳри яқинидан оқиб ўтувчи Нейсе дарёсидан Иккинчи жаҳон уруши даврига оид артиллерия қуроли топилди. Бу ҳақда “Euronews” хабар қилди.
Германиянинг Портловчи моддаларни йўқ қилиш хизматининг қайд этишича, топилма Польша билан чегара яқинидаги Нейсе дарёсида олиб борилган техник ишлар вақтида аниқланган. ПМЙХ вакили Энрико Шникнинг айтишича, топилган қурол “Қизил армия” томонидан фойдаланилган М1943 русумидаги 76 миллиметрлик пиёда аскарлар тўпи ҳисобланади. У занглаган бўлса-да, дарё тубидаги қум ва лой қатламлари туфайли яхши сақланиб қолган.
“Қурол узоқ вақт давомида дарё тубидаги қум ва лой остида ётгани сабабли яхши сақланган. Минтақамизда бундай топилма аввал учрамаган”, дейди Шник.
Тарихий маълумотларга кўра, Форст шаҳри 1945 йил апрель ойида Германия Вермахти ва собиқ Совет “Қизил армия”си ўртасидаги шиддатли жанглар майдонига айланган ва деярли бутунлай вайрон бўлган.
Маҳаллий нашрлар маълумотига кўра, Иккинчи жаҳон уруши йилларида собиқ Совет Иттифоқида 5 мингдан ортиқ М1943 русумидаги артиллерия қуроли ишлаб чиқарилган.
Мутахассисларнинг билдиришича, топилган қурол музейга топширилмайди. У ҳозирда ПМЙХнинг Куммерсдорфдаги махсус марказига олиб кетилган бўлиб, белгиланган тартибда зарарсизлантирилиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, Германия пойтахти Берлиннинг Панков туманидаги ўрмонда сайр қилиб юрган киши шубҳали буюмни – совет артиллериясига тегишли бўлган 59 та снарядларни топиб олганди.
Live
Барчаси