Германияда сўнгги 30 йилликдаги энг йирик иш ташлаш бўлди
Олам
−
27 Март 2023
9583Бугун, 27 март куни Германияда транспорт ходимларининг кенг кўламли иш ташлаши бошланди. Бу мамлакатда сўнгги 30 йилда содир бўлган энг йирик иш ташлаш деб айтилмоқда. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.
Қайд этилишича, иш ташлаш EVG темирйўлчилар касаба уюшмаси ва Verdi касаба уюшмаси ташаббуси билан ўтказилмоқда. У 24 соат давом этади ва бутун мамлакат бўйлаб кўплаб транспорт турларининг ишлашига таъсир қилади.
Иш ташлаш оқибатида Гамбург, Ганновер, Дортмунд, Дрезден, Дюссельдорф, Лейпциг, Мюнхен, Нюрнберг, Франкфурт-на-Майн, Штутгарт, шунингдек, Кёлн-Бонн аэропортларидаги деярли барча рейслар бекор қилинган.
Айни вақтда Берлин аэропорти ишлашда давом этмоқда, бироқ самолётлар иш ташлашлар бўлаётган Германиянинг бошқа шаҳарларидаги аэропортларга учмаяпти. Deutsche Bahn темир йўл концерни ҳам бутун мамлакат бўйлаб шаҳарлараро поэздлар ҳаракати тўхтатилганини эълон қилган. Шу билан бирга, компания поездлар ҳаракати билан боғлиқ муаммолар эртага, 28 март куни ҳам давом этишини кутмоқда. Аксарият шаҳар атрофидаги поездлар ҳаракат қилмайди, чунки уларнинг оператори DB Regio ҳам иш ташлашга қўшилган.
Германиянинг етти вилоятида жамоат транспортининг бир қисми ҳаракати ҳам бекор қилинган. Немис автобан оператори ҳам иш ташлашга қўшилди. Шу билан бирга, компания фавқулодда хизматлар учун режалаштирилган келишувларга асосланиб, туннелларнинг ёпилиши ҳақидаги хавотирларни рад этган.
Иш ташлашда 350 мингга яқин транспорт ходимлари иштирок этиши кутилмоқда. Касаба уюшмалари уларнинг иш ҳақини оширмоқчи.
Verdi ходимларнинг иш ҳақини 10,5 фоизга оширишни ва ойига 500 евродан кам бўлмаслигини талаб қилмоқда. EVG эса немис темир йўллари ходимларининг иш ҳақини 12% га ошириб, камида ойига 650 еврога чиқариш тарафдори.
Verdi раҳбари Франк Вернекенинг айтишича, мазкур ҳолат Германияда 1992 йилдан бери энг йирик иш ташлаш бўлади. У 27-29 март кунлари Потсдамда бўлиб ўтиши режалаштирилган касаба уюшмалари ва Германия ҳукумати вакиллари ўртасидаги музокараларнинг навбатдаги раунди билан бир вақтда бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 26 март куни Uzbekistan Airways ҳам мазкур иш ташлаш сабабли бугунги Тошкент-Франкфурт-Тошкент йўналиши бўйича HY231/232 рейсларини бекор қилган эди.
LiveБарчаси
Шавкат Мирзиёев Саудияга етиб борди.
11 Ноябрь
Афруза Ҳамдамова 2 карра жаҳон чемпиони.
09 Ноябрь