Германияда амалга ошмаган давлат тўнтариши режалари очиқланди

Олам

image

Германияда давлат тўнтаришига тайёргарлик кўрганликда айбланиб ҳибсга олинганлар Германия Федератив Республикасининг янги армиясини тузишни режалаштирган. Бу ҳақда Германия Бош прокурори Петер Франк маълум қилди. 

Унинг таъкидлашича, фитначилар ҳукуматга ўхшаш кенгаш тузган, у янги давлатчилик ва янги давлат тузилмасини ривожлантириш билан шуғулланиши керак бўлган.  

“Бизга маълум бўлишича, унинг ҳарбий қаноти янги немис армиясини яратиши керак эди. Ўтмишда бу ҳарбий қанотнинг алоҳида аъзолари Бундесвер (Германия Қуролли кучлари)да фаол хизмат қилган”, дейди у. 

Шу билан бирга, Франк саккиз нафар маҳбусни ҳибсга олиш учун ордер аллақачон чиқарилганини таъкидлади. Улар орасида Рейсс князи сулоласидан Генрих XIII ҳам бор. 

"Der Spiegel" нашрининг ёзишича, Германияда ҳибсга олинган, давлат тўнтаришини режалаштирган ўнг қанот экстремистлар 2021 йил январида АҚШ Конгресси биносига бостириб кирганлар намунасида ҳаракат қилиб, Бундестаг биносига куч билан кирмоқчи бўлган.  

“Йигирмага яқин одам Бундестагга Капитолийга бостириб киришда қатнашганлар намунаси билан кириб келмоқчи эди”, деб ёзади нашр. 

Германия Бош прокуратураси тўнтаришни амалга оширишда асосий алоқа шахси ҳозирда Россия Федерацияси ҳисобланиши, айбланувчи Генрих XIII П.Р. Россия Федерациясининг Германиядаги вакиллари билан аллақачон алоқага чиққани, бироқ жавоб ололмагани ҳақида баёнот берди.  

Бош прокуратура Россиянинг Берлиндаги элчихонасига ва матбуотга давлат тўнтаришига тайёргарлик кўришда гумон қилинаётган шахсларнинг Россия вакиллари билан алоқалари тафсилотлари ҳақида маълумот бермаган.

Берлиндаги элчихонанинг маълум қилишича, Россиянинг Германиядаги дипломатик муассасалари ноқонуний тузилмалар вакиллари билан ҳеч қандай алоқада эмас.

Тўтаришга уриниш

Аввалроқ Германия Бош прокуратураси мамлакатда давлат тўнтаришига уриниш бостирилгани ҳақида хабар берган эди. 3000 га яқин полициячи иштирок этган кенг кўламли операция давомида Германия махсус хизматлари давлат тўнтаришини уюштирганликда гумон қилинган 50 дан ортиқ кишидан 25 нафарини қўлга олди. 

Ҳибсга олинганлар орасида Россия Федерацияси фуқароси – Виталия Б. Ҳам бор. У гумонланувчиларга Россия Федерацияси вакиллари билан боғланишда ёрдам бергани айтилмоқда. Бош прокуратура маълумотларига кўра, ҳибсга олинганлар фитнанинг мафкуравий асосларини миллатчи немис Reichsbuerger ҳаракати ва Қўшма Штатларда кенг тарқалган QAnon фитна назариясидан олган.

Ҳозирги операция тарихдаги энг йирик операциялардан бирига айланди. Тинтувлар Германиянинг 16 федерал штатларидан 11 тасида, 130 дан ортиқ уй ва хонадонларда ўтказилди. 

Шу билан бирга, террорчилик ташкилоти йирик ва илдиз отган бўлиб чиқди: унинг таркибига Пруссия князлари меросхўри, сиёсатчи, юқори мартабали ҳарбийлар ва Мудофаа вазирлигининг махсус кучлари аскарлари кирган. 

Тўнтаришни режа қилганлар ҳукуматга ўхшаш кенгашни, шунингдек, ҳарбий қанотни яратган, бошқа нарсалар қатори куч тузилмаларида – армия ва полицияда тарафдорларни фаол равишда жалб қилган. Ташкилот аъзолари гўёки кичик қуролли гуруҳ билан Бундестаг (парламент)га бостириб киришни режалаштирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Германияда давлат тўнтаришига уриниш

Баҳолаганлар

171

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг