Давлат тўнтаришига уриниш ортида россиялик раҳнамолар турибди – Бош прокуратура
Олам
−
07 Декабрь 2022
19305Германияда давлат тўнтаришига тайёргарлик кўришда гумон қилинганлар россиялик раҳнамолари билан боғланди, аммо ҳеч қандай ёрдам ололмади. Бу ҳақда бугун, 7 декабрь куни Германия Бош прокуратураси тарқатган баёнотда айтилади.
Қайд этилишича, гумондорлар давлат тўнтариши сценарийсини барча даражадаги тизим ўзгаришига эришиш учун зарур бўлган оралиқ қадам сифатида кўрган. Шу мақсадда ташкилот (ҳарбий) муваққат ҳукуматни тузиши, унинг аъзолари фикрига кўра, Германиядаги янги давлат тартибини Иккинчи жаҳон урушидаги ғолиб давлатлар билан уйғунлаштириши керак бўлган.
“Ташкилот нуқтаи назаридан, ушбу музокаралар учун асосий алоқа шахси ҳозирда Россия Федерацияси ҳисобланади. Айбланувчи Генрих XIII П.Р. Россия Федерациясининг Германиядаги вакиллари билан аллақачон алоқага чиққан. Бироқ, тергов маълумотларига кўра, ҳозирча алоқада бўлган шахслар унинг сўровига ижобий жавоб бергани ҳақида ҳеч қандай аломатлар йўқ”, дейилади Германия Бош прокуратураси баёнотида.
Шу билан бирга, таъкидланишича, гумонланувчилар машғулотларни бошлаган, машғулотларнинг интенсивлиги 2021 йилнинг ноябрь ойи охиридан кечиктирмай ошган.
“У [тренинг] ҳукумат тузилмаларига ўхшаш тузилмаларни режалаштириш, жиҳозлар сотиб олиш, отиш бўйича машғулотлар ўтказиш ва янги аъзоларни жалб қилишни ўз ичига олади”, дейди Германия Бош прокуратураси.
Гуруҳнинг марказий органи, баёнотда кўрсатилганидек, кенгаш бўлиб, уни Генрих XIII П. Р. Бошқарган. Гуруҳ аъзолари уни бўлажак давлат раҳбари деб билишади.
“2021 йил ноябрь ойидан бери кенгаш аъзолари Германияда ҳокимиятни эгаллашни режалаштириш ва ўзларининг давлат тузилмаларини яратиш учун мунтазам равишда яширин йиғилиш ўтказган. Кенгашга ҳарбий қанот бириктирилган. Унинг айрим аъзолари ўтмишда Бундесвер (Германия Қуролли кучлари)да фаол хизмат қилган”, дея қўшимча қилди БП.
Бош прокуратурага кўра, гуруҳнинг айнан мана шу қисми қурол ёрдамида ҳокимиятни эгаллаб олиш режасини амалга ошириши керак эди. Бундан ташқари, гуруҳ аъзолари янги аъзоларни ёллаш, қурол-яроғ ва бошқа жиҳозларни харид қилиш, алоқаларни ушлашдан ҳимояланган каналлар ва IT-тузилмаларни яратиш билан шуғулланган.
Тўтаришга уриниш
Аввалроқ Германия Бош прокуратураси мамлакатда давлат тўнтаришига уриниш бостирилгани ҳақида хабар берган эди. 3000 га яқин полициячи иштирок этган кенг кўламли операция давомида Германия махсус хизматлари давлат тўнтаришини уюштирганликда гумон қилинган 50 дан ортиқ кишидан 25 нафарини қўлга олди.
Ҳибсга олинганлар орасида Россия Федерацияси фуқароси – Виталия Б. Ҳам бор. У гумонланувчиларга Россия Федерацияси вакиллари билан боғланишда ёрдам бергани айтилмоқда. Бош прокуратура маълумотларига кўра, ҳибсга олинганлар фитнанинг мафкуравий асосларини миллатчи немис Reichsbuerger ҳаракати ва Қўшма Штатларда кенг тарқалган QAnon фитна назариясидан олган.
Ҳозирги операция тарихдаги энг йирик операциялардан бирига айланди. Тинтувлар Германиянинг 16 федерал штатларидан 11 тасида, 130 дан ортиқ уй ва хонадонларда ўтказилди.
Шу билан бирга, террорчилик ташкилоти йирик ва илдиз отган бўлиб чиқди: унинг таркибига Пруссия князлари меросхўри, сиёсатчи, юқори мартабали ҳарбийлар ва Мудофаа вазирлигининг махсус кучлари аскарлари кирган.
Тўнтаришни режа қилганлар ҳукуматга ўхшаш кенгашни, шунингдек, ҳарбий қанотни яратган, бошқа нарсалар қатори куч тузилмаларида – армия ва полицияда тарафдорларни фаол равишда жалб қилган. Ташкилот аъзолари гўёки кичик қуролли гуруҳ билан Бундестаг (парламент)га бостириб киришни режалаштирган.
LiveБарчаси