Давлат тўнтаришида гумон қилинган 23 кишини ҳибсга олишга ордер берилди
Олам
−
10 Декабрь 2022
7514Германия Федерал Олий суди давлат тўнтаришида гумон қилинган 23 нафар, жумладан уларни қўллаб-қувватлаган россиялик аёлни ҳибсга олишга ордер берди. Бу ҳақда Германия Бош прокуратурасининг кеча, 9 декабрь куни тарқатилган хабарида айтилади.
“7-8 декабрь кунлари Федерал Олий суд ҳузуридаги тергов судьялари [22] Германия фуқароларига, шунингдек, Россия фуқароси Виталия Б.га нисбатан ҳибсга олиш ордерларини ижро этди”, дейилади хабарда.
Бош прокуратура улар ўтган 7 декабрь куни ҳибсга олинганини эслатди.
Қайд этилишича, Италия ва Австрияда давлат тўнтаришига тайёргарлик кўриш иши доирасида қўлга олинган яна икки немис фуқароси экстрадиция жараёни бошланган.
Германия Бош прокуратураси тўнтаришни амалга оширишда асосий алоқа шахси ҳозирда Россия Федерацияси ҳисобланиши, айбланувчи Генрих XIII П.Р. Россия Федерациясининг Германиядаги вакиллари билан аллақачон алоқага чиққани, бироқ жавоб ололмагани ҳақида баёнот берди.
Бош прокуратура Россиянинг Берлиндаги элчихонасига ва матбуотга давлат тўнтаришига тайёргарлик кўришда гумон қилинаётган шахсларнинг Россия вакиллари билан алоқалари тафсилотлари ҳақида маълумот бермаган.
Берлиндаги элчихонанинг маълум қилишича, Россиянинг Германиядаги дипломатик муассасалари ноқонуний тузилмалар вакиллари билан ҳеч қандай алоқада эмас.
Тўнтаришга уриниш
Аввалроқ Германия Бош прокуратураси мамлакатда давлат тўнтаришига уриниш бостирилгани ҳақида хабар берган эди. 3000 га яқин полициячи иштирок этган кенг кўламли операция давомида Германия махсус хизматлари давлат тўнтаришини уюштирганликда гумон қилинган 50 дан ортиқ кишидан 25 нафарини қўлга олди.
Ҳибсга олинганлар орасида Россия Федерацияси фуқароси – Виталия Б. Ҳам бор. У гумонланувчиларга Россия Федерацияси вакиллари билан боғланишда ёрдам бергани айтилмоқда. Бош прокуратура маълумотларига кўра, ҳибсга олинганлар фитнанинг мафкуравий асосларини миллатчи немис Reichsbuerger ҳаракати ва Қўшма Штатларда кенг тарқалган QAnon фитна назариясидан олган.
Ҳозирги операция тарихдаги энг йирик операциялардан бирига айланди. Тинтувлар Германиянинг 16 федерал штатларидан 11 тасида, 130 дан ортиқ уй ва хонадонларда ўтказилди.
Шу билан бирга, террорчилик ташкилоти йирик ва илдиз отган бўлиб чиқди: унинг таркибига Пруссия князлари меросхўри, сиёсатчи, юқори мартабали ҳарбийлар ва Мудофаа вазирлигининг махсус кучлари аскарлари кирган.
Тўнтаришни режа қилганлар ҳукуматга ўхшаш кенгашни, шунингдек, ҳарбий қанотни яратган, бошқа нарсалар қатори куч тузилмаларида – армия ва полицияда тарафдорларни фаол равишда жалб қилган. Ташкилот аъзолари гўёки кичик қуролли гуруҳ билан Бундестаг (парламент)га бостириб киришни режалаштирган.
LiveБарчаси