Германияда Алишер Усмоновнинг кўчмас мулки яна тинтув қилинди – “Reuters”
Олам
−
06 Октябрь 2023
7139Германия полицияси ва божхона ходимлари Мюнхен ва Тегернзе шаҳарларида Россиянинг Украинага бостириб кириши сабабли Европа санкциялари остида қолган миллиардер Алишер Усмоновга тегишли бўлган бир қанча мулкларни тинтув қилди. Бу ҳақда “Reuters” манбасига таяниб хабар берди.
Германия божхона органлари томонидан санкциялар бўйича тузилган “Матрёшка” махсус комиссияси тинтувлар суд қарори асосида ўтказилганини маълум қилган. Германия расмийлари россияликнинг исмини ошкор қилмаган.
“Reuters” манбасига кўра, гап миллиардер Алишер Усмонов ҳақида кетмоқда. Германиянинг “Bild” нашри полиция Усмоновнинг Бавариянинг Роттах-Эгерн шаҳрида, Тегернзи кўли қирғоғидаги вилласига рейд уюштирганини даъво қилмоқда. Уйдан қимматбаҳо буюмлар, жумладан, Mercedes Maybach S500 каби ҳашаматли автомобиллар мусодара қилинган.
“Германия ҳуқуқ-тартибот идораларининг Алишер Усмоновга нисбатан хатти-ҳаракатлари катта ҳайрат ва шармандалик ҳиссини уйғотади. Усмонов вакиллари тинтувлар унга тегишли объектларда ўтказилганини инкор этмоқда. Миллиардер ўзи асос солган трест активлари устидан назорат қилиш ҳуқуқига эга эмас ва трестга тегишли мол-мулк билан ҳозир нима бўлаётганини била олмайди”, дейилади тадбиркорнинг матбуот хизмати муносабатида.
Шунингдек, миллиардернинг матбуот хизмати қидирувларни қўрқитишнинг навбатдаги эпизоди деб атаган.\
Эслатиб ўтамиз, аввал ҳам Германия Федерал жиноий полиция бошқармаси ва солиқ текшируви департаменти ходимлари Алишер Усмоновга тегишли бўлган Мюнхен яқинидаги бир қанча мулкларда тинтув ўтказганди. Хусусан, унинг Бавариядаги уйига бостириб кирилган. Мюнхен прокуратураси вакилининг айтишича, тинтувларда 250 нафар полициячи иштирок этган, жами 24 та объект тинтув қилинган.
Шунингдек, ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов Германия Федерал Конституциявий судига даъво аризаси билан мурожаат қилганди. Унда миллиардер Бремен портидаги “Дилбар” яхтасида ўтказилган тинтувлар унинг мулк дахлсизлигига бўлган ҳуқуқининг бузилиши эканини даъво қилганди. Шундан сўнг, Франкфурт-Майн вилоят суди Германияда Алишер Усмоновни ҳимоя қилувчи Мюнхен адвокатлик идорасида ўтказилган тинтувни ноқонуний деб топди.
Усмоновга қарши санкциялар
2022 йилнинг 28 февралида Европа Кенгаши Усмоновни Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини бузишга ҳисса қўшган шахслар “қора рўйхати”га киритган. Унинг Европа Иттифоқига кириш тақиқланган, ЕИдаги активлари эса музлатилган. Ўтган йилнинг 29 апрель куни Усмонов Евроиттифоқ санкциялар рўйхатига киритилганига норозилик билдириб, Европа судига даъво аризаси берган. Даъвогар ЕИ Кенгашининг унга нисбатан чеклов чораларини қўллаш тўғрисидаги қарорини бекор қилишни ва суд қарори чиқарилгунга қадар тақиқловчи чораларни қўллашни тўхтатиб туришни сўраган. Бироқ, Европа суди Усмоновнинг даъвосини тез кўриб чиқиш ҳақидаги сўровни рад этган.
Олдинроқ Алишер Усмонов Италиянинг “Corriere Della Sera” нашрига берган интервьюсида Россияда тадбиркорлар ҳукуматнинг топшириқларини бажариши ҳақидаги гаплар ёлғон эканини, унинг ўзи ҳеч қачон давлатдан шубҳали ёрдамлар олмагани ҳамда доим шаффофликда ишлаганини айтганди.