Германия яҳудийлар учун ватан бўлиб қолади – Президент Штайнмайер
Олам
−
17 Декабрь 2023
8792Германия федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер унинг мамлакати яҳудийлар учун ватан бўлиб қолишини айтди. Бу ҳақда у Берлинда яҳудий жамоалари конгресси очилишида нутқ сўзлади.
“Германия яҳудийлар учун ватан бўлиб қолади ва барча немисларнинг аксарияти сингари мен ҳам бунинг тарафдориман", деган Президент.
Германияда яҳудийларга қарши ҳужумлар сони ортиб бораётгани ҳақида гапирар экан, Штайнмайер мамлакатда бундай антисемитизм мавжудлигидан ҳайратда эканини ва бундан ғазабланганини билдирди.
Франк-Вальтер Штайнмаер германияликлар Исроил томонида эканини яна бир бор таъкидлади.
Ғазо секторидаги тинч аҳолининг азоб-уқубатларига тўхталиб ўтган Штайнмайер Германияда ҳам фаластинлик қурбонлар учун қайғу ифодаланиши мумкин бўлган "жамоат майдони бўлиши керак" деди.
“Аммо раҳм-шафқат антисемитизм билан аралашса, Германия унга қарши курашади. Бу нафратни ҳеч нарса оқлай олмайди, антисемитизмни ҳеч нарса оқлай олмайди”, дейди давлат раҳбари.
Германия канцлери Олаф Шольц ҳам кеча, 16 декабрь куни яҳудий жамоаларининг бешинчи қурултойида қатнашди. У бирдамлик ва эмпатияни Германияда очиқ жамиятнинг асоси деб атади.
"Биз ҳар куни тўғри қарор қабул қилишимиз керак: раҳм-шафқат, бирдамлик, тинглашга ва қалбимизни очишга тайёрмиз. Бу бизнинг очиқ жамиятимиз, биргаликда яшашимиз асосидир ", дейди Шольц Германиядаги яҳудийларнинг марказий кенгашида.
Маълумот учун, Германиядаги яҳудийлар марказий кенгашининг яҳудий жамоалари конгресси 14 декабрда бошланган ва 17 декабрда якунланади. 16 декабрь оқшомида ушбу тадбир доирасида 1400 нафар меҳмон иштирокида гала-концерт бўлиб ўтди. Унга Олаф Шольц ҳам таклиф қилинган. Бундан олдин у Германиядаги яҳудийлар марказий кенгаши раҳбари Йозеф Шустер ва “Яҳудий билан таниш” лойиҳаси кўнгиллилари билан махфий муҳитда учрашган.
Йозеф Шустер Федерал канцлернинг ташрифини ҲАМАСнинг Исроилга ҳужуми ва Германияда антисемитизм ҳолатлари кескин ортганидан кейин яҳудий жамияти билан бирдамлик белгиси деб атади. Шустер Германия ҳукуматини Бирлашган Миллатлар Ташкилотида Исроил билан мустаҳкам туришга чақирди. Германиядаги яҳудийлар марказий кенгаши раҳбарининг фикрига кўра, Берлиннинг ушбу палтформадаги хатти-ҳаракатлари "икки стул ўртасида тебраниш" саналади.
Маълумотларга кўра, Яқин Шарқда содир бўлган воқеалар фонида Германияда бу йил антисемитистик жиноятлар сони сезиларли даражада ошган. 4 декабрь ҳолатига кўра, Федерал жиноий идора Яқин Шарқдаги уруш билан боғлиқ 4200 та жиноятни аниқлаган.
Эслатиб ўтамиз, Германия 28 ноябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг Исроилни Голан тепаликларини озод қилишга чақирувчи резолюциясига овоз беришда ҳам, Миср ва Мавритания томонидан тайёрланган 12 декабрдаги Фаластин-Исроил можароси ҳудудида зудлик билан ўт очишни тўхтатишни талаб қилувчи яна бир резолюцияни қабул қилишда ҳам бетараф қолганди.