БМТ Исроилни Голан тепаликларини тарк этишга чақирди
Олам
−
29 Ноябрь 2023
5227Кеча, 28 ноябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси Исроилни Голан тепаликларини озод қилишга чақирувчи резолюцияни қабул қилди. Ҳужжатда Голан тепаликлари “Исроил босиб олган” ҳудуд сифатида тилга олинади.
Бош Ассамблея йиғилишида 91 давлат вакиллари (улар орасида Россия, Бразилия, Ҳиндистон, Хитой ва Ўзбекистон ҳам бор) резолюцияни қўллаб-қувватлади. Саккиз давлат ҳужжатга қарши овоз берди, жумладан, АҚШ ва Буюк Британия. Яна 62 давлат ушбу резолюция учун овоз беришда бетараф қолди.
Ҳужжат кўриб чиқиш учун Миср, Иордания, Ироқ, БАА ва Сурия вакиллари томонидан тақдим этилган. Исроилнинг БМТдаги доимий вакили Гилад Эрдан резолюция қабул қилингандан сўнг, унинг мамлакати ушбу ҳужжат талабларини бажаришни ўзи учун имконсиз, деб ҳисоблашини айтган.
“Биз унинг матнига тубдан рози эмасмиз ва бу резолюцияни принципал равишда амалга оширмоқчимасмиз. Бу БМТ ҳозирда Исроилга нисбатан адекват қарорлар қабул қила олмаслигининг яна бир тасдиғи бўлди”, деган у.
Маълумот учун, Голан тепаликлари 1967 йилгача Сурия ҳудуди бўлиб, олти кунлик уруш пайтида Исроил томонидан босиб олинган ва кейинчалик яҳудий давлати таркибига киритилган. 1981 йилда содир бўлган Голан тепаликларининг Исроил таркибига қўшилиши халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган – БМТ Хавфсизлик Кенгашининг тегишли резолюцияси Исроилнинг Голан устидан суверенитетини рад этади. 1973 йилдаги Араб-Исроил уруши пайтида Сурия Голан тепаликларини қайтариб олишга уринди, аммо мағлубиятга учради. Исроил ва Сурия қўшинлари ўртасида БМТ кучлари томонидан назорат қилинадиган нейтрал демилитаризация зонаси яратилди. Ўшандан бери Дамашқ Голан тепаликларининг бир қисмини ёки бутунлай қайтарилишини Исроил билан тузилган тинчлик шартномасининг шарти деб атаган. Сурия-Исроил ўртасидаги тўғридан-тўғри музокараларга уринишлар – шунингдек, воситачилар иштирокидаги музокаралар беҳуда якунланди.