БМТда яна Фаластин-Исроил можароси бўйича резолюция қабул қилинди
Олам
−
13 Декабрь 2023
7304Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси кеча, 12 декабрь куни Фаластин-Исроил можароси ҳудудида зудлик билан ўт очишни тўхтатишни талаб қилувчи яна бир резолюцияни қабул қилди. Бу ҳақда БМТ ахборот хизмати хабар берди.
Резолюция Миср ва Мавритания томонидан тайёрланган. Унинг муаллифлари ҳужжат фақат инсонпарварлик мақсадларида яратилганини таъкидлайди. БМТ Бош Ассамблеясида мазкур резолюция қабул қилиниши учун 153 давлат овоз берган бўлса, 10 давлат бунга қарши чиқди, яна 23 давлат овоз беришда бетараф қолди.
Қабул қилинган ҳужжатнинг асосий жиҳатлари ўт очишни тўхтатиш ва халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя қилиш талабларидир. Хусусан, резолюцияда барча гаровга олинганларни озод қилиш ва Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдамини таъминлаш талаб қилинади.
Шу билан бирга, БМТ Бош Ассамблеяси АҚШнинг ҲАМАС ҳаракатини қоралашни талаб қилган тузатишини рад этди.
Учрашувда БМТ Бош Ассамблеяси АҚШ ва Австрия томонидан киритилган тузатишларни рад этди. Улардан биринчиси ҲАМАС ҳаракатини қоралашни талаб қилган бўлса, иккинчиси гаровга олинганлар ҲАМАС ва бошқа гуруҳлар қўлида эканлигига аниқлик киритилиши ҳақида эди.
БМТ пресс-релизида айтилишича, ўт очишни тўхтатиш учун овоз берганлар орасида Россия, Эрон, Хитой Бразилия, Испания, Куба, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони, Франция, Швейцария ва Швеция ҳам бор. 23 давлат, жумладан, Буюк Британия, Германия ва Украина бетараф қолган. Ўнта давлат, жумладан Исроил, АҚШ ва Австрия резолюцияга қарши чиққан.
Марказий Осиё мамлакатларидан Туркманистондан бошқа ҳамма давлат (Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон) БМТ ҳужжати қабул қилиниши учун овоз берган. Кеча, 12-декабрь куни Нейтралитет кунини нишонлаган Туркманистон эса бетараф қолган.
Эслатиб ўтамиз, октябрь ойида ҳам БМТ Бош Ассамблеяси бир гуруҳ араб давлатлари томонидан тайёрланган Фаластин-Исроил можароси ҳудудида зудлик билан сулҳ тузишга чақирувчи резолюцияни қабул қилганди. Ноябрь ойида эса БМТ Бош Ассамблеяси Исроилни Голан тепаликларини озод қилишга чақирувчи резолюцияни қабул қилди.
9 декабрь куни АҚШ БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида Ғазо секторида зудлик билан ўт очишни тўхтатиш бўйича резолюцияга вето қўйди. Қўшма Штатлар БАА делегацияси томонидан овозга қўйилган резолюцияга қарши овоз берган ягона кенгаш аъзоси бўлди. Яна 13 давлат, жумладан, Россия, Хитой ва Франция ҳужжатни ёқлаб овоз берган, Британия эса бетараф қолган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь