Германия Президенти Яшнободдаги текстил корхонаси билан танишди

Жамият

image

Расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб турган Германия Федератив Республикаси Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги “Bakan Tex” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда

Корхона 2018 йил 1 январдан иш бошлаган. Германиянинг “Тручлер”, “Зенцер”, “Саурер” каби етакчи компаниялари технологиялари билан жиҳозланган корхонада пахтадан ип-калава ишлаб чиқарилади. Юқори сифатли корхона маҳсулотининг асосий қисми, яъни 60 фоизи экспортга йўналтирилган.

Германия Президенти талабаларнинг илмий изланишлари билан қизиқди

Корхона қурилиши 2016-2017 йилларда амалга оширилиб, лойиҳанинг умумий қиймати 52 миллион долларни ташкил этади. Айни пайтда 500 дан зиёд ишчи меҳнат қилиб, уларнинг 60 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати 14 минг 500 тонна. Эътиборлиси, корхонада ишлаб чиқариш тизими тўлиқ автоматлаштирилган. Хусусан корхонада республикада ягона автоматик қадоқлаш, ўз-ўзини тозалаш, чиқиндиларни автоматик прессга йўналтириш тизимлари ўрнатилган. Бу корхонада экологик тоза ва сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш имконини беради.

4.JPG

Корхонада иш уч сменада ташкил этилган. Уч нафар малакали хорижий мутахассислар иш жараёнини мувофиқлаштириб, ишчиларга кўмаклашмоқда. Эътиборлиси, корхонада Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг “Йигирув” факультети филиали очилган. Бу ерда малакали мутахассислар томонидан талабаларга йигириш ва технологик ускуналар имкониятлари бўйича ўқув амалий дарслар ва мастер класслар ўтказиш йўлга қўйилган.

5.JPG

ИСО-9001 сифат менежментига эга корхона маҳсулотлари рақобатбардошлиги билан дунё бозорида харидоргир. Айни пайтда маҳсулотлар МДҲ давлатлари, Хитой ва Туркияга экспорт қилинмоқда. 2018 йил якунига кўра 9,5 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган. Жорий йилнинг ўтган даврида 5 минг 770 тонна пахта толасидан 4 минг 800 тонна ип-калава ишлаб чиқарилган, 13 миллион долларлик маҳсулот экспортга йўналтирилган.

17.jpg

Дастлаб корхона фаолиятига бағишланган видеоролик намойиш этилди. Пахта толасидан ип-калава ишлаб чиқариш, қадошлаш ва экспортга йўналтиришгача бўлган жараён билан танишган Франк-Вальтер Штайнмайер ва Германия делегацияси вакилларига корхона фаолияти катта таассурот қолдирди. Меҳмонларга хомашёнинг қаердан олиниши ва уни қайта ишлаш тизими, технологияларнинг афзалликлари бўйича батафсил маълумот берилди.

Германия Федератив Республикаси Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг "йигирув" факультети филиали талабалари билан суҳбатлашди. Талабаларнинг ўқишлари ва айни пайтда қандай тажрибалар устида иш олиб бораётганига қизиқди. Уларнинг ўқиш ва илмий изланишларига омад тилади.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон-Германия Франк-Вальтер Штайнмайер

Баҳолаганлар

11

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг