Ғазода уч ойда 100 дан ортиқ норасида ҳалок бўлди – UNICEF

Олам

image

2025 йил 19 октябрда ўт очишни тўхтатиш режими кучга кирганидан бери ўтган уч ой ичида Ғазо секторида 100 дан ортиқ бола ҳалок бўлди, яна кўплари жароҳат олди. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (UNICEF) вакили Жеймс Элдер Женевадаги БМТ бюросининг матбуот анжуманида маълум қилди.  

“Бу шуни англатадики, ўт очишни тўхтатиш амалда бўлган вақтда ҳар куни ўртача битта ўғил ёки қиз бола ҳалок бўлган. Демак, Ғазодаги ҳаёт ҳамон чидаб бўлмас даражада қолмоқда”, дейди ташкилот вакили.  

У эксклавда яшаб қолиш жуда қийин бўлиб қолаётганини, чунки ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишув даврида ҳам бомбардимон ва ҳужумлар бутунлай тўхтамаганини қайд этган. 

Элдер Ғазо аҳолиси оғир қиш шароитида яшаётганини алоҳида таъкидлаб, UNICEF бу борада ёрдам кўрсатишни давом эттираётганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, сўнгги бир неча кун ичида яна бир неча бола совуқдан вафот этган ва бу қишда гипотермиядан ўлган болаларнинг умумий сони олтитага етган. 

UNICEF вакили ўт очишни тўхтатиш соғлиқни сақлаш, озиқ-овқат, сув таъминоти ва санитария соҳаларида баъзи гуманитар яхшиланишларга эришишга имкон берганини тан олди, бироқ болаларнинг аҳволи ҳамон фожиали эканлигини таъкидлади. 

Элдер, ниҳоят, болаларга ҳақиқий хавфсизликни таъминлаш учун ўт очишни тўхтатишга тўлиқ риоя қилишга, гуманитар ёрдамни тўсиқсиз етказиб беришга ва тиббий эвакуацияни амалга оширишга чақирди. 

2023 йил 8 октябрдан бери Исроилнинг Ғазо секторига қилган ҳужумлари оқибатида 71 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди, 171 мингдан ортиқ киши жароҳат олди. Минтақа улкан вайронагарчиликларга дучор бўлди. 

Ҳисоб-китобларга кўра, фуқаролик инфратузилмасининг қарийб 90 фоизи вайрон бўлган, тахминан 70 миллион тонна вайроналар тўпланган. Вайроналар остида ҳали ҳам минглаб ҳалок бўлганларнинг жасадлари қолмоқда. 

Исроил ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишув бўйича мажбуриятларини бажармагани ва Ғазога чодирлар, контейнер уйлари ва қурилиш материаллари етказиб беришга рухсат бермагани сабабли фаластинликлар муносиб уй-жойлардан маҳрум бўлмоқда ва барча хавф-хатарларга қарамай, бомбардимонлардан қаттиқ зарар кўрган биноларда бошпана топишга мажбур бўлмоқда. Ғазо ҳукумати минтақага контейнер уйлари ва вайроналарни тозалаш учун оғир техникани имкон қадар тезроқ юборишни талаб қилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

UNICEF

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг