3 миллионга яқин боланинг ҳаёти хавф остида: Эбола “қутиряпти”

Олам

image

Конго Демократик Республикасининг шарқий қисмида Эбола билан касалланганлар сони қарийб 1000 нафарга етди. Касаллик тарқалиши оқибатида қарийб 3 миллион нафар вояга етмаган болалар хавф остида қолмоқда. Бу ҳақда UNICEF хабар берди.

UNICEF ижрочи директори Кэтрин Расселнинг айтишича, Итури провинциясида Эбола сабаб онасидан, айрим ҳолларда эса ҳар икки ота-онасидан айрилган болалар учрамоқда.

“Болалар миш-мишлар ва интернетдаги нотўғри маълумотлар орасида ушбу хавфни тушунишга ҳаракат қилмоқда”, дейди у.

Жорий йил 19 июнь ҳолатига кўра, болалар ва ўсмирлар тасдиқланган Эбола ҳолатларининг қарийб 15 фоизини, касалликдан вафот этганларнинг эса 25 фоиздан ортиғини ташкил қилмоқда. Мутахассислар Эбола билан касалланган болалар ва ўсмирларнинг вафот этиш эҳтимоли катталарга нисбатан деярли икки баробар юқори эканини таъкидламоқда.

Касалликнинг асосий ўчоқлари Итури провинциясидаги Монгбвалу, Рвампара ва Буниа ҳудудлари бўлиб қолмоқда. Шунингдек, Шимолий Киву ва Жанубий Киву провинцияларида ҳам касалланиш ҳолатлари қайд этилган.

Маълумотларга кўра, Итурида Эбола сабаб ота-онасидан айрилган 135 нафар болага психологик ёрдам, ижтимоий хизматлар ва муқобил парвариш чоралари кўрсатилмоқда. UNICEF кўмагида Эбола даволаш марказида ота-онаси ёки васийларидан ажралган чақалоқлар ва ёш болалар учун махсус болалар боғчаси ҳам ташкил этилган. Яқин вақт ичида яна иккита шундай марказ очилиши режалаштирилган.

Ташкилотнинг қайд этишича, Итури ҳудудидаги болалар эпидемия бошланишидан аввал ҳам заиф қатламга мансуб бўлган. Беш ёшгача бўлган болаларнинг ярмидан кўпи сурункали тўйиб овқатланмасликдан азият чекади, эмлаш даражаси эса пастлигича қолмоқда.

Бундан ташқари, Эбола тарқалиши болаларни нафақат касаллик, балки руҳий босим, камситиш ва зўравонлик хавфи остида қолдирмоқда. Касаллик сабаб айрим болалар тиббий хизмат, таълим, озиқ-овқат, тоза сув ва санитария тизимларидан фойдаланиш имкониятини ҳам йўқотмоқда.

Маълумотларга кўра, қўшни Угандада ҳам Конго Демократик Республикасидан келганлар орасида 20 та Эбола ҳолати ва икки ўлим қайд этилган. Улар орасида бир нафар бола ҳам бор.

Ҳозирда UNICEF Конго Демократик Республикаси ва Угандада ҳукуматлар, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамда Африка касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази билан ҳамкорликда касаллик тарқалишини чеклаш, беморларни аниқлаш, хавфсиз дафн маросимларини ташкил этиш ва аҳолига зарур ёрдам кўрсатиш ишларини олиб бормоқда. Ташкилот Эбола тарқалишига қарши кураш ва зарар кўрган аҳолига ёрдам кўрсатиш учун олти ойлик дастур доирасида 70,7 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ сўраган. Ҳозирча ушбу маблағнинг 20 миллион доллари етишмаяпти.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Конго Демократик Республикасида Бундибугиё вируси сабаб юзага келган Эбола эпидемиясидан вафот этганлар сони 864 нафарга, тасдиқланган касалланиш ҳолатлари эса 2,2 минг нафарга етгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг