Ғазода очликдан ҳалок бўлганлар сони 382 кишига етди

Олам

image

2023 йилнинг октябридан буён Ғазо секторидаги блокада фонида очликдан ҳалок бўлганлар сони 382 нафарга етди, улар орасида 135 нафар бола ҳам бор. Бу ҳақда бугун, 6 сентябрь куни Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

“Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги охирги 24 соат ичида очлик ва тўйиб овқатланмасликдан олти кишининг, жумладан, бир боланинг ўлими қайд этилганини маълум қилди. Шу тариқа, умумий ҳалок бўлганлар сони 382 нафарга етди, уларнинг 135 нафари болалар”, дейилади баёнотда.

Сектор маъмурияти маълумотига кўра, фақат жорий август ойининг ўзида очликдан 185 киши вафот этган. Бу март ойида блокада кучайтирилганидан бери энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Ҳозирда беш ёшгача бўлган 43 минг бола ва 55 мингдан ортиқ ҳомиладор ҳамда эмизикли аёллар тўйиб овқатланмасликдан азият чекмоқда.

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти жорий йилнинг 22 август куни илк бор Ғазо секторида очлик бўйича фалокатли ҳолат эълон қилганди. Баҳолашларга кўра, сентябрь охирига бориб 640 мингдан ортиқ одам озиқ-овқат танқислигининг энг юқори даражаси – озиқ-овқат хавфсизлиги таснифидаги бешинчи фазага дуч келади.

Ғазо маъмуриятининг маълум қилишича, Исроил жорий йилнинг 27 июлидан 30 августигача фаластинликларга қисман гуманитар ёрдам етказиб беришни қайта тиклаган даврда секторга 3188 та юк машинасини киритишга рухсат берган. Бироқ бу аҳолининг ёрдамга бўлган эҳтиёжининг атиги 15 фоизини қоплайди. Шу билан бирга, Исроил юзлаб озиқ-овқат маҳсулотларини, жумладан, гўшт, балиқ, тухум, мева-сабзавот, айрим сут маҳсулотлари ва озиқ-овқат қўшимчалари каби энг муҳим маҳсулотларни киритишга тўсқинлик қилмоқда.

Маҳаллий ҳокимиятнинг билдиришича, кўплаб юк машиналари Исроил ҳарбийларининг кўз юмиши остида талон-торож қилинмоқда. Уларнинг ҳисоб-китобича, аҳолининг озиқ-овқат, биринчи зарур маҳсулотлар, ёқилғи ва дори-дармонларга бўлган минимал эҳтиёжини таъминлаш учун ҳар куни камида 600 та гуманитар ёрдам юк машинаси секторга киритилиши лозим.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ армиясининг истеъфодаги 2 нафар зобити Ғазодаги ёрдам тарқатиш нуқталарида Исроилнинг ваҳшийликларини фош қилиб, сенаторларни геноцидга ҳамкорликда айблаб чиққани хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

очлик Ғазо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг