Ғазода ҳалок бўлганларнинг 70 фоизи аёллар ва болалар – БМТ

Олам

image

Ғазо секторида ҳалок бўлганлар орасида аёллар ва болалар қарийб 70 фоизни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Женевада Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари томонидан эълон қилинган ҳисоботда қайд этилган.

Қайд этилишича, БМТ Ғазода ракета зарбаси, ўқ узиш ва бошқа жанговар ҳаракатлар оқибатида ҳалок бўлганларнинг шахсий маълумотларини текшириб чиқмоқда. Ҳозирги вақтда ҳалок бўлганларнинг тахминан 70 фоизини болалар ва аёллар ташкил қиляпти. Бу халқаро гуманитар ҳуқуқнинг асосий принциплари – танлаб ўлдириш ва мосликни тизимли равишда бузишдан далолат беради. 

“Бу каби ҳужумлар давом этиши тинч аҳоли ҳаётига бўлган яққол бефарқликни кўрсатмоқда", дейилади ҳисоботда. 

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича идораси ходимлари 2023 йил ноябридан 2024 йил апрелигача Ғазо секторида 8 119 кишининг ўлимини тасдиқлаган.

“Тасдиқланган 8,119 қурбонлар Фаластин соғлиқни сақлаш идоралари томонидан 13 ойлик уруш учун тақдим этилган 43 000 дан ортиқ қурбонлар сонидан анча паст. Аммо, БМТ қурбонларнинг ёши ва жинси бўйича таснифи Фаластиннинг урушда ҳалок бўлганларнинг катта қисмини аёллар ва болалар ташкил этиши ҳақидаги даъвосини қўллаб-қувватлайди”, дейилади ҳисоботда.

Ҳалок бўлганлар орасида, айниқса, 14 ёшгача бўлган болалар кўп. Унга кўра, тасдиқланган ҳалок бўлиш ҳолатларининг тахминан 80 фоизи тураржойлар ёки бошқа яшаш биноларида содир бўлган, уларнинг 44 фоизини болалар ва 26 фоизини аёллар ташкил қилган. 

Ғазода кўпчиликнинг ҳалок бўлиши Исроил армиясининг зич аҳоли яшайдиган ҳудудларда кенг қамровли ўлдирувчи қуроллардан фойдаланиши билан боғлангани қайд этилган. Айрим ҳолларда эса Фаластин қуролли гуруҳлари томонидан хато отилган снарядлар портлаши ҳам одамлар ўлишига олиб келган бўлиши мумкин. 

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюрк БМТга аъзо давлатларни халқаро ҳуқуқ бўйича мажбуриятлари доирасида қурол савдоси ёки етказиб бериш ҳамда ҳарбий, моддий-техник ёки молиявий ёрдам кўрсатилишини баҳолашга ва агар бу халқаро ҳуқуқнинг жиддий бузилишлари хавфини туғдирса, бундай ёрдамни тўхтатишга чақирди. 

“Зўравонлик зудлик билан тўхтатилиши, гаровдаги ва ноқонуний ушлаб турилганлар озод қилиниши ва биз Ғазога гуманитар ёрдам етказишга эътибор қаратишимиз керак”, деди Тюрк.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ БМТ урушдан вайрон бўлган Ғазо секторида болалар ва ногиронлар тобора даҳшатли шароитларга дуч келаётгани, шифохонадаги беморлар эвакуация кечикиши туфайли вафот этаётганини маълум қилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

БМТ Ғазо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг