Ғазодаги беморлар эвакуация кечикиши туфайли вафот этмоқда – БМТ
Олам
−
26 Октябрь
1357Бирлашган Миллатлар Ташкилоти урушдан вайрон бўлган Ғазо секторида болалар ва ногиронлар тобора даҳшатли шароитларга дуч келаётгани, шифохонадаги беморлар эвакуация кечикиши туфайли вафот этаётганини маълум қилди. Бу ҳақда кеча, 25 октябрь куни ташкилот матбуот хизмати хабар берди.
БМТ расмийлари ва инсон ҳуқуқлари бўйича экспертларнинг маълум қилишича, Ғазода болалар ва ногиронлар тобора даҳшатли шароитларга дуч келмоқда, баъзилари тиббий эвакуация кутилаётганда ҳалок бўлмоқда.
Шунингдек, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюркнинг айтишича, Ғазо можаросининг энг қоронғи лаҳзаси Исроил армияси бутун аҳолини бомбардимон қилиш, қамал қилиш ва очликдан ўлим хавфига дучор қилиш, шунингдек, иккитадан бирини танлашга мажбур бўлаётган сектор шимолида содир бўлмоқда.
“Ғазо шимолидаги портлашлар тўхтовсиз давом этмоқда. Исроил ҳарбийлари юз минглаб одамларга қайтиш кафолатисиз кўчиб ўтишни буюрди. Бироқ кетишнинг хавфсиз усули йўқ. Бомбалар тушишда давом этмоқда, исроиллик ҳарбийлар оилаларни ажратмоқда, кўплаб одамларни ҳибсга олмоқда, қочаётган одамлар эса ўққа тутилган”, дейди Тюрк.
Жаҳон етакчиларини ҳаракат қилишга чақирар экан, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари давлатлар Женева конвенциялари бўйича халқаро гуманитар ҳуқуққа ҳурматни таъминлашга мажбур эканини айтди.
“Тасаввур қилиб бўлмайдиган ушбу вазият кундан-кунга ёмонлашмоқда. Исроил ҳукуматининг Ғазо шимолидаги сиёсати ва амалиёти барча фаластинликлар ҳудудини бўшатиш хавфини туғдиради. Биз ваҳшийлик жиноятларига, шу жумладан инсониятга қарши жиноятларга олиб келиши мумкин бўлган нарсаларга дуч келяпмиз”, деб таъкидлайди у.
Шу билан бирга, ташкилотнинг Болалар жамғармаси – UNICEF’нинг матбуот котиби Жеймс Элдер Ғазо бўйлаб болалар тиббий ёрдам зарурати туфайли эвакуация қилинаётгани, уларнинг кўплари бош жароҳати, ампутациялар, куйиш, саратон, тўйиб овқатланмаслик каби жиддий касаллик ва муаммолардан азият чекаётганини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, агар Яқин Шарқда Исроил тажовузи давом этадиган ва кундан-кунга кучаядиган бўлса, агар бу ҳалокатли даражада секин суръатда давом этса, шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож бўлган 2500 дан ортиқ болани эвакуация қилиш учун 7 йилдан кўпроқ вақт керак бўлади.
Маълумот учун, 2024 йил 1 январдан 7 майгача ҳар ойда ўртача 296 нафар бола тиббий йўл билан эвакуация қилинган. 7 май куни Исроилнинг қуруқликдаги ҳужуми туфайли Рафаҳ ўтиш жойи ёпилганидан буён тиббий ёрдам кўрсатиш орқали эвакуация қилинган болалар сони ойига 22 нафарга ёки умумий 127 болага камайган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ БМТнинг Фаластин ҳудудларидаги Жаҳон озиқ-овқат дастури директори Антуан Ренар ташкилотнинг Ғазо сектори шимолидаги юз минглаб одамлар учун озиқ-овқат захиралари бир ярим ҳафта ичида тугаши ҳақида огоҳлантирганди. Унинг сўзларига кўра, Ғазо аҳолисида буғдой уни бор, лекин нон йўқ. Чунки улар печни ёқиш учун ўтин йиғишдан қўрқади. Ташкилот маълумотларига кўра, ҳозирда Ғазо секторида тахминан 1,4 миллион киши сув ва озиқ-овқат етишмаслигидан азият чекмоқда.